18:44 / 16.12.2016
6385

Қатар Туркияга инвестиция киритиш учун имкон изламоқда 

Фото: Yeni Safak

Қатарнинг Анқарадаги элчиси Аш-Шафий мамлакат Туркияга инвестиция киритиш учун имкон излаётгани ҳамда Қатар президенти 18 декабрь куни Эрдўған билан учрашиб, 14та савдо келишувини имзолашини маълум қилди. Бу ҳақида Туркиянинг Yeni Safak нашри хабар берди

Элчи Салим ал-Муборак аш-Шафий Туркия-Қатар муносабатлари сўнгги йилларда янгича тус олганини айтиб, икки мамлакат ўртасидаги сиёсий ва иқтисодий алоқаларнинг жадал ривожланаётганини таъкидлади.  

Шафий Қатар иқтисодиёт вазирлиги вакиллари Туркияга инвестиция киритиш масалаларини муҳокама қилаётганини қўшимча қилди. 

"Қатар Туркияга инвестиция киритишнинг ҳар бир имконини баҳолаб чиқмоқда. Мамлакат амири Шайх Ҳамад бин Тамим ас-Саний ва Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған яқин кунларда Трабзонда учрашишади. Биз Туркия билан 18 декабрь куни энергетика, иқтисодиёт ва туризм каби турли соҳаларда 14 битимни имзолаймиз. Бу келишувлар икки мамлакатнинг алоқалари бундан кейин янада мустаҳкамланиши учун хизмат қилади", - деди элчи. 

Манбага кўра, Қатар амири Шайх Саний Трабзонда янги стадион - Akyazı Arena'нинг очилишида иштирок этади. 

Бундан ташқари, Шафий суюлтирилган табиий газ борасидаги тижорат музокаралари давом эттирилишини  маълум қилди. 

Таъкидлаш жоизки, Туркия Қатарга темир, пўлат, электрик машиналар ва ускуналар, автомашиналар ва уларнинг эҳтиёт қисмлари, тўқимачилик ва озиқ-овқат маҳсулотларини экспорт қилади. Қатар эса Туркияга суюлтирилган табиий газ, пластмасса ва кимёвий маҳсулотларни етказиб беради. 

Top