19:29 / 16.12.2016
136276

Нима учун айнан Абдулла Арипов Бош вазир бўлди?

Тошкентда 2016 йил 14 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлиси бўлиб ўтганидан хабарингиз бор.

Хусусан, Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири лавозимига номзодни тасдиқлаш масаласи ҳам кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Бош вазири лавозимига Бош вазирнинг ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Абдулла Ниғматович Арипов номзодини тавсия этди. 

 – Биз бу масала бўйича жуда кўп ўйлаб, тегишли маслаҳатлар қилдик. Ўзбекистон Либерал-демократик партияси раҳбарияти ва фаоллари билан ҳам атрофлича маслаҳатлашдик, – деди Шавкат Мирзиёев. – Ўтказилган муҳокамаларда билдирилган барча фикр-мулоҳазаларни эътиборга олган ҳолда, мен ушбу лавозимга ҳам амалий соҳада, ҳам марказий идораларда кўп йиллик бошқарув тажрибасига эга бўлган, 11 йил давомида Бош вазирнинг ўринбосари бўлиб ишлаган Абдулла Ниғматович Арипов номзодини тавсия этаман. 

Шавкат Мирзиёев йиғилганларни А.Ариповнинг таржимаи ҳоли билан таништирди. Номзоднинг касб малакаси, билим ва тажрибаси, инсоний фазилатлари ҳақида гапирди. 

“Абдулла Ариповнинг бевосита хизмат ваколатига кирмайдиган қўшимча вазифаларни ҳам топшириб, бу инсонни кўп маротаба, ҳар томонлама синовдан ўтказганман. 

Бу кишининг юртимизда бормаган вилоят, шаҳар ёки тумани, кирмаган даласи, қурилиш, маданий-маиший, савдо объектлари қолмаган. Шунинг учун мамлакатимиз ҳудудларидаги шарт-шароитни, муаммо ва масалаларни жуда яхши билади. Энг асосийси, борган ва кўрган жойидаги масалани ўзи мустақил ҳал қилади, агар ўзи ечолмаса, аниқ таклиф беради”, дея айтиб ўтган Президент. 

Давлатимиз раҳбари А.Ариповнинг хушмуомалалиги, одамлар билан тил топиша олиш қобилияти, муаммо ва масалани эшитиш ҳамда негизига етиб, унинг ечими бўйича адолатли қарор қабул қилиш салоҳиятини алоҳида таъкидлаган. 

Яна бир олижаноб хислати – ҳалоллиги, одамларга доимо ҳурмат билан қараши, уларнинг дардига дармон бўлишга интилиши, Ватанимиз ва халқимизга садоқатидир, деди Шавкат Мирзиёев. 

А.Арипов Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг яқин ва ўрта истиқболга мўлжалланган Ҳаракат дастури ҳақида нутқ сўзлади. 

Мажлисда сўзга чиққанлар Президентимизнинг маърузасида баён этилган устувор йўналишларни қўллаб-қувватлади. Ўзбекистон Республикаси Бош вазири лавозимига тавсия этилган А.Арипов номзодини маъқуллади. Олий Мажлис палаталари Абдулла Ариповни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири лавозимига тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилди.

Top