20:48 / 23.12.2016
28198

150 кишилик самолётга бор-йўғи уч нафар йўловчи чиқди

Фото: CREDIT: SWNS

Уч нафар британиялик сайёҳ қизлар British Airways авиакомпаниясининг  Гибралтар—Лондон рейсига чиққан ягона йўловчилар бўлишди. Уларнинг айтишича, самолёт бортида улар билан гўёки рок юлдузлардек муносабатда бўлишган. Бу ҳақда The Telegraph нашри хабар бермоқда. 

Лора Стивенс, Сара Хант ва Лори-Лин Уоллер исмли бу аёллар Гибралтарда уч кун бирга бўлишган. Улар уйга, Лондонга қайтадиган вақт келганда самолётлари бир неча соатга ушланиб қолиши маълум бўлган. Қизлар самолёт учишини аэропортда кутиб ўтирмасликка қарор қилганлар.

Қизлар аэропортга яна қайтиб келишганда, уларнинг рейсидаги барча йўловчилар бошқа самолётга ўтказилиб, манзил томон учиб кетишгани маълум бўлган. Оқибатда улар ўзлари учишлари керак бўлган 150 кишилик самолётдаги ягона йўловчиларга айланганлар. Эконом-синфга чипталарга эга бўлган қизларни бизнес-классга ўтказишган.  

Уларни уч таомдан иборат тушлик билан меҳмон қилишган ва қанча истасалар шунча шампан виноси ичишларига рухсат беришган. Оқибатда қизлар 10 шиша винони "паққос туширишган". Бундан ташқари, улар самолёт сардори билан селфига тушишган. "Бу ажойиб, кам учрайдиган ҳодиса бўлди, биз уни ҳеч қачон унутмаймиз", деб айтган 34 ёшли Стивенс.

Сентябрда ҳам бошқа бир британиялик сайёҳлар билан шундай воқеа юз берганди: икки нафар сайёҳ Таиландга учувчи самолётнинг ягона йўловчилари бўлганлар.

CREDIT: SWNS
CREDIT: SWNS

 

Top