09:41 / 25.12.2016
15697

Москва ва Вашингтон ўртасидаги алоқаларни яхшилашда воситачи ролини ким ўйнайди?

АҚШнинг собиқ бош котиби Ҳенри Киссинжер Дональд Трампнинг инагурациясидан кейин Россия ва АҚШ ўртасидаги муносабатларни яхшилашда воситачи ролида иштирок этиши мумкин. Бу ҳақида Politico нашри хабар берди. 93 ёшли ташқи сиёсат фахрийсининг улкан тажрибаси ва Россия раҳбари билан ўрнатган ижобий муносабатлари бунда муҳим ўрин тутади. 

Фото: ria.ru

Манба маълумотларига кўра, собиқ бош котиб ўзини Москва ва Вашингтон муносабатларини яхшилай олишига ишонади. Киссинжер ҳаттоки икки мамлакат ўртасидаги алоқалар совуқлашган даврда ҳам бўлғуси бош котиб Рекс Тиллерсон каби Путин билан илиқ муносабатларни сақлаб қолган. 

Баъзи экспертлар "интеллектуал" Киссинжер ва кескин ҳамда тўғрисўз Трампни нима боғлаши мумкинлигини тушунмай ҳайрон. Бироқ аслида АҚШнинг янги сайланган президенти Совуқ урушнинг собиқ рақибларини яқинлаштиришга уринаётган "меъмор"нинг режаларни амалга оширишда ажойиб имкон яратиши мумкин. 

Киссинжер узоқ вақт давомида АҚШ ва Россия муносабатларини яхшилашга уринган ва бу глобал барқарорлик олиб келади, деб ҳисоблаган. Халқаро сиёсатга реал қарашлари билан ном қозонган  Киссинжер ҳақида Нидерландиянинг Cicero Foundation таҳлилий маркази раҳбари Марсель ван Герпен шундай дейди: "У реалист. У учун энг асосийси — инсон ҳуқуқлари ёки демократия ҳақидаги суҳбатлар эмас, балки дунёдаги барқарорликни сақлаш муҳим".

Киссинжер икки мамлакатни Сурияда янада кўпроқ  ҳамкорлик қилишга чақирди, зеро унинг сўзларига кўра, дунё етакчиларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари "Яқин Шарқдаги можароларни тартибга солишда ўрнак бўлиши мумкин". Украина масаласида эса собиқ давлат котибининг ўз қарашлари мавжуд. Унинг фикрича, "Украинани Европа ва жаҳон ҳамжамиятига шундай интеграция қилиш керакки, токи бу давлат келажакда Россия ва Ғарб ўртасида кўприк вазифасини ўтасин". 

Бундан ташқари, Америка ташқи сиёсат фахрийсининг икки мамлакат раҳбари билан ҳам илиқ муносабатда эканлиги таҳсинга сазовордир. У яқинда CBS телеканалига берган интервьюсида Владимир Путин ҳақидаги таассуротлари билан бўлишди ва уни "Достоевский романи қаҳрамони" деб атади. РФ президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков бунга жавобан Киссинжер Россия тарихи ва фалсафасини яхши билишини таъкидлади.  

Дональд Трамп ҳақида сўз кетар экан, Киссинжер унинг Америка Қўшма Штатлари тарихида "жуда муносиб президент" сифатида қайд этилишига "катта имкони" борлигини айтди. Шунингдек у Рекс Тиллерсоннинг Давлат департаменти раҳбари лавозимига тайинланишига ижобий муносабат билдирди. Politico нашрида келтирилишича, Трамп собиқ бош котиб Киссинжернинг фикрларига катта эътибор қаратмоқда. 
 

Top