18:04 / 26.12.2016
14199

Афғонистоннинг биринчи аёл учувчиси АҚШдан бошпана сўради

Фото: The New York Times

Афғонистон ҳарбий амалдорлари АҚШга афғон ҳарбий ҳаво кучларидаги биринчи аёл учувчининг бошпана сўраб йўллаган аризасига рад жавоби берилишини талаб қилиб мурожаат қилишди. Гап капитан Нилуфар Раҳмоний ҳақида бормоқда, деб ёзади The New York Times.

Раҳмоний америка ҳукуматига жорий йилнинг ёз ойида бошпана сўраб мурожаат қилганди. Унинг маълум қилишича, Афғонистондаги унинг оиласига таҳдидлар билан чиқишган. Шунингдек, қизнинг сўзларига кўра, ҳамкасблари уни назар-писанд қилишмаган. У сўнгги 15 ой давомида Флорида ва Техас штатларидаги авиабазаларда тайёргарликдан ўтди.

Афғонистон мудофаа вазирлиги эса аёлнинг сўзларини рад этган.

«Ишончим комилки, у ёлғон гапирди. Бу бошпана берилиши учун қилинган найрангдир. Унинг ҲҲКдаги хизмати давомида хавфда қолгани борасида ҳеч қандай исботлар йўқ. Америкалик дўстларимиз ва ҳукуматидан унинг илтимосномасига рад жавоби беришлари ва ортга қайтариб юборишларини талаб қиламиз. Сабаби капитан Раҳмонийнинг ҳаётига ҳеч нарса хавф солмаяпти», - дея айтиб ўтди маҳкама матбуот котиби генерал Муҳаммад Радмониш.

Нашрнинг таъкидлашича, Афғонистонда деярли ҳеч ким аёлнинг бундай қарорини қўллаб-қувватламаган. Шунингдек, мамлакатда унинг илтимосномаси афғон учувчиларининг мамлакат ташқарисида таҳсил олиш жараёнига таъсир кўрсатиши борасида ҳам хавотирлар пайдо бўлди.

Top