11:38 / 26.12.2016
11366

Деярли 40 миллион сўм пенсия ва нафақа пулларини талон-торож этган почта ходими фош этилди

Фото: ZN.ua

Ангор туман почта алоқа тармоғида ўн йиллардан буён ишлаб келиб, раҳбариятнинг ишончига киришга улгурган Нормат Пирматов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) Ангор почта алоқа тармоғига қарашли “Карвон” алоқа бўлими бошлиғи лавозимига тайинланди, деб ёзмоқда “Ҳуқуқ” газетаси.

Унинг хизмат вазифасига унга бириктирилган ҳудудда яшовчи фуқароларга пенсия пуллари, ногиронлик нафақалари, бир марталик суюнчи пуллари ва хат-хабарлар, газета ва журналларни обуна бўлган фуқароларга ўз вақтида етказиб бериш кирарди.

Бироқ Н.Пирматов ўз вазифасига панжа орасидан қараб, “давринг келди, сур бегим” қабилида иш тутишни афзал билди. Нафақа пулларини тарқатишда аввалига 2 нафар фуқарони нишонга олди. Давлат бюджети томонидан ажратилган нафақа пулларини бермай, тўлов ведомостларидаги имзоларни сохталаштирди-да, пулларни ўзи олиб, шахсий эҳтиёжига ишлаб юборди. 

Кейинги сафар яна бир неча нафақахўрнинг пулини ўзлаштирди. Нафақа пуллари эгаларининг Н.Пирматовга бир неча маротаба учрашиб, пулларини ололмагач, ушбу ҳолат юзасидан СВОЖЖДЛҚК департаментининг Ангор туман бўлимига ариза билан мурожаат қилишди. Шундан сўнг Н.Пирматовнинг “пайтавасига қурт тушди”.

Фуқаролар А.Қурбоназаров, Т.Жовлиев ва бошқаларнинг аризалари юзасидан ўтказилган текширувда Ангор почта алоқа тармоғига қарашли “Карвон” алоқа бўлими бошлиғи Н.Пирматов мансаб мавқеини суиистеъмол қилиб, 2016 йилнинг февраль, март ва апрель ойларида 198 нафар шахснинг 39 млн. 984 минг сўмлик дафн, боқувчисини йўқотганлик пенсия пуллари, 16 ёшгача бўлган ногиронлик нафақасини ва бошқа турдаги нафақа пулларини эгаларига бермасдан, тўлов ведомостларига уларнинг ўрнига ўзи сохта имзо қўйиб, ҳужжатларни сохталаштириб, пулларни талон-торож қилганлиги фош этилди.

Унга нисбатан жиноят ишлари бўйича Ангор туман суди тегишли жазо тайинлаб, ҳукм чиқарди.

Top