17:19 / 26.12.2016
13526

Тошкентда Ўзбекистон – Афғонистон ҳукуматлараро комиссияси мажлиси бўлиб ўтди

Тошкентдаги Халқаро ҳамкорлик марказида Савдо, транспорт ва энергетика бўйича Ўзбекистон – Афғонистон ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА ахборот агентлиги хабар қилмоқда.

Тадбирда икки мамлакатнинг ташқи иқтисодий алоқалар, савдо-саноат, сармоя, энергетика, нефть-газ, божхона, транспорт ва транспорт коммуникациялари, темир йўл, авиаташув, машинасозлик, электр техникаси, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, фармацевтика соҳаларида фаолият кўрсатаётган вазирлик ва идоралари раҳбар ва вакиллари иштирок этди. 

Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири, комиссия ҳамраиси Элёр Ғаниев мамлакатларимиз ўртасидаги савдо, иқтисодиёт, транспорт ва энергетика соҳаларидаги ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётганини таъкидлади. 

Ўзбекистон Афғонистондаги қурилиш, энергетика, тоғ-кон саноати ва таълим соҳаларидаги лойиҳаларда иштирок этиб келмоқда. Мамлакатимизнинг ёрдами билан Афғонистонда кўприклар, юқори вольтли электр линиялари, оптик-толали кабель линиялари, сув таъминоти тармоғи барпо этилган. «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти томонидан Ҳайратондан Мозори Шарифгача темир йўл линияси қурилган. 

Мамлакатимиздан Афғонистонга электр энергияси, мева-сабзавотлар, нефть маҳсулотлари, минерал ўғитлар экспорт қилинмоқда. 2016 йилнинг январь-октябрь ойлари якунларига кўра ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 429 миллион долларни ташкил этди. Ўзбекистонда афғонистонлик сармоядорлар иштирокида тузилган 70 корхона фаолият кўрсатмоқда. Улар савдо, хизмат кўрсатиш, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш каби соҳаларда иш юритмоқда. 

Афғонистон Ислом Республикаси Президентининг инфратузилмани ривожлантириш бўйича катта маслаҳатчиси, комиссия ҳамраиси Ҳумоюн Қаюмий иқтисодиётнинг турли соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича фойдаланилмаган имкониятлар кўп эканини таъкидлади. Инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш орқали Ўзбекистоннинг Афғонистонда иқтисодиётни янада ривожлантиришга улкан ҳисса қўшаётганини қайд этди. 

Афғонистон делегацияси Ўзбекистонда олиб борилаётган иқтисодий сиёсат самаралари, мамлакатимиз иқтисодиётига хорижий инвестицияларни жалб қилиш учун яратилаётган шароитлар, юртимизнинг экспорт салоҳияти, индустриал зоналардаги имкониятлар билан таништирилди. Ўзаро ҳамкорликни янада фаоллаштириш учун мавжуд имкониятларни тўлиқ ишга солиш лозимлиги таъкидланди. Ўзбекистон ва Афғонистон ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини янада ошириш, кенг кўламли савдо-иқтисодий, транспорт ва энергетика соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор экани қайд этилди. 

Мажлисда ўзаро савдо ҳажмини янада ошириш ва номенклатурасини кенгайтириш масалалари ҳақида сўз юритилди. Савдо, энергетика, транспорт ва транспорт коммуникациялари, транзит, қишлоқ хўжалиги, темир йўл, машинасозлик каби соҳалардаги алоқаларни ривожлантириш, Афғонистонга электр, маиший, қишлоқ хўжалиги техникаси ва ускуналарини экспорт қилиш, биргаликда ўзаро фойдали лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. 

Афғонистон делегацияси аъзолари мамлакатимизнинг қатор вазирлик ва идораларида учрашувлар ўтказди. Саноат корхоналари фаолияти билан танишди.

Top