17:41 / 27.12.2016
14405

Олий суд Пленумининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди 

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизмати хабар бермоқда.

Унда Олий суд судьялари, жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича вилоят ва унга тенглаштирилган судлар раислари, Олий суд ҳузуридаги илмий-маслаҳат кенгаши аъзолари, Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъул ходимлари, ҳуқуқшунос олимлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. 

Пленум мажлисида муҳокама этилган “Жиноят натижасида етказилган мулкий зиённи қоплашга оид қонунчиликни қўллаш бўйича суд амалиёти тўғрисида”, “Жиноят ишлари бўйича суд қарорларини ижро этишга оид қонунларни қўллаш амалиёти тўғрисида” ва “Жазони ўташдан муддатидан илгари озод қилиш ва жазони енгилроғи билан алмаштириш бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги Олий суд Пленуми қарори лойиҳалари ҳам моҳият-эътибори билан инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган бўлиб, судлар бу соҳадаги қонун ҳужжатларини аниқ ва бир хилда қўллаш орқали ягона суд амалиётини шакллантиришга хизмат қилади. 

Пленум йиғилишида муҳокама этилган “Жиноят натижасида етказилган мулкий зиённи қоплашга оид қонунчиликни қўллаш бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги қарор лойиҳаси амалдаги қонунчиликка ўзгартириш ва қўшимчалар киритилгани, бу қонун ҳужжатларини тўғри қўллаш борасида суд амалиётида муайян муаммолар келиб чиқаётганлиги боис ишлаб чиқилди.

Қарор лойиҳасида суриштирув, тергов органи ва судларга жиноят натижасида етказилган мулкий зиённи қоплаш асослари ва тартибига оид қонунчилик талабларига оғишмай амал қилиш юзасидан тегишли тушунтиришлар берилган.

Бундан ташқари Олий суд Пленуми йиғилишида “Жазони ўташдан муддатидан илгари озод қилиш ва жазони енгилроғи билан алмаштириш бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги қарор лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди. Ушбу қарорнинг қабул қилиниши ҳам, шубҳасиз, судлар ва жазони ижро этиш органлари учун муҳим аҳамият касб этади.

Шу кунга қадар жазони ўташдан муддатидан илгари озод қилиш ва жазони енгилроғи билан алмаштириш билан боғлиқ илтимосномаларни тартибга солувчи бирон-бир меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат мавжуд эмасди. Мазкур қарорнинг қабул қилиниши амалиётдаги ҳуқуқий бўшлиқни тўлдириб, бу борада юзага келаётган масалаларни амалий ҳал этиш имкониятини яратади.
 
Шунингдек, Олий суд Пленуми йиғилишида “Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг айрим қарорларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарор лойиҳаси ҳам муҳокама этилди. 

Кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Top