11:22 / 27.12.2016
10135

Тожикистон президенти тожик-афғон чегарасини мустаҳкамлашга чақирди

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон 26 декабрда Санкт-Петербургда Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига аъзо давлатлар етакчилари учрашувида иштирок этиб, нутқ сўзлади.

Раҳмон нутқи бошида Қора денгиз устида Ту-154 самолёти қулаши туфайли Россия президенти Владимир Путин, ҳалок бўлганлар яқинлари ва қариндошларига яна бир маротаба чуқур ҳамдардлик билдирган.  

Учрашув иштирокчилари минтақа ва дунёдаги жорий вазият, террорчилик, экстремизм тарқалиши хавфи, Афғонистондаги мураккаб ҳарбий-сиёсий вазият, ташкилотга аъзо давлатлар ҳудудларида хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш масалаларини муҳокама қилишди ҳамда ташкилот доирасида коллектив ҳамкорлик масалалари бўйича фикр алмашишди.  

Тожикистон президенти ташкилотга аъзо давлатлар етакчиларини террорчилик, экстремизм, гиёҳванд моддалар контрабандаси, бошқа трансмиллий уюшган жиноятларга қарши курашнинг муҳим чораси сифатида Тожикистон ва Афғонистон давлат чегараларини ҳимоя қилиш ва мустаҳкамлаш масаласига биринчи даражали аҳамият беришга чақирди.

Йиғилишда Тожикистон президентидан ташқари, Россия президенти Владимир Путин, Арманистон президенти Серж Саргсян, Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ва Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев иштирок этди.

 

Top