18:01 / 28.12.2016
9609

Сўнгги 5 йилда Ўзбекистонда мингга яқин инсон ёнғиндан асраб қолинди 

Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан сўнгги беш йилда 1000 нафарга яқин инсон ҳаёти асраб қолинди, деб маълум қилди Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири ўринбосари Саидкарим Нишонбоев.

“Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, ёнғин хавфсизлиги хизматининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ходимларнинг жанговар тайёргарлигини, касб кўникмаларини ошириш юзасидан амалга оширилаётган ишлар ижобий натижа бермоқда. Мисол учун, сўнгги беш йилда содир бўлган ёнғинларнинг деярли 80 фоизи бошланғич даврида бартараф этилди. Натижада минг нафарга яқин инсон ҳаёти асраб қолинди. 460 миллиард сўмликдан ортиқ мол-мулк қутқариб қолинди”, - деди у.

ЎзА маълумотларига кўра, мамлакатимизда 2016 йил 10 ноябрдан 2017 йил 10 январгача ёнғин, йўл ҳаракати, электр ва саноат хавфсизлиги, газ, электр ва иссиқлик энергияси, кўмирдан хавфсиз ва оқилона фойдаланиш икки ойлиги эълон қилинган. Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати томонидан икки ойликка мўлжалланган чора-тадбирлар изчиллик билан бажарилмоқда. Шу мақсадда тузилган тезкор штаб ва унинг ишчи гуруҳи фаолият юритмоқда.

“Ёнғинларнинг асосий қисми фуқаролар хонадонларига тўғри келаётгани инобатга олиниб, тадбир давомида 5,5 миллион аҳоли турар жойлари кўздан кечирилди”, - дея таъкидлаб ўтди Нишонбоев.

Top