08:33 / 29.12.2016
10173

Собиқ биринчи рақамли аёл теннисчи фаолиятини якунлашини эълон қилди

Собиқ биринчи рақамли аёл теннисчи, сербиялик Ана Иванович спорт фаолиятини якунлашини эълон қилди. Бу ҳақда "Р-Спорт" хабар бермоқда.

29 ёшли спортчи Facebook ижтимоий тармоғида видеомурожаат орқали мухлисларига ўз режаларини маълум қилди. Сентябрда теннисчи билагидаги эски жароҳатлар қайталаниши ва оёғидаги бармоғида операция ўтказиш зарурлиги сабабли мавсумни муддатдан аввал якунлаганди. Ўшанда теннисчи жароҳатлари туфайли бор кучи билан ўйнай олмаслигини айтган.

"Мен 5 ёшимдан теннисчи бўлишни орзу қилганман ва бунга муваффақ бўлдим. Мен биринчи рақамли теннисчи бўлдим, "Ролан Гаррос", WTA’нинг 15 та мусобақасини  ютдим, кўплаб эсда қоладиган ўйинлар ўтказдим. Сербиялик қиз учун унчалик ёмон эмас", деб айтди теннисчи.

Спортчи бу қарорга келиш унга осон бўлмаганини айтди. Унинг айтишича, охирги вақтда уни жароҳатлар тақиб қилмоқда. Шунинг учун Иванович бошқа йўналишда "олға бориш" кераклигини айтди.

"Мен спорт ва соғлом турмуш тарзи элчиси бўламан, ўзимни бизнес, гўзаллик ва мода соҳасида синаб кўришни истардим. Шунингдек, менда UNICEF’даги ишим учун кўпроқ вақт бўлади", деб таъкидлаб ўтди Иванович.

Эслатиб ўтамиз, Иванович немис футболи юлдузи Бастиан Швайнштайгернинг рафиқаси ҳисобланади.

 

Top