16:30 / 30.12.2016
97797

“2016 йил йўқотишлари”: улар кетди, номларин тарих тошига ёзиб...

Инсон умрини ёниб учувчи шамга қиёс этишади. Ҳар кимнинг бу ёруғлик манбаси турлича этиб, тақдирда битиб қўйилган. Ҳеч ким ўзи учун белгиланган умр ҳисобини ортиқ ҳам, кам ҳам яшамайди. 

Ўтаётган 2016 йил сиёсат, маданият, иқтисод, спорт ва бошқа кўплаб соҳаларда кўзга кўринган шахсларнинг вафот этгани билан ҳам ёдга қолди. Шу ўринда айтиш лозимки, улар ўз йўналишларининг дарғалари эди. Якунланиб бораётган йилда ана шу йўқотишларни ёдга олишга қарор қилдик.

Абдумўмин Ўтбосаров. Ўзбекистон Халқ артисти, олий тоифали диктор Абдумўмин Ўтбосаров 1 январь куни вафот этди. У 1960 йилнинг 24 апрель куни таваллуд топган бўлиб, узоқ йиллар Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясида сухандонлик қилган. Абдумўмин Ўтбосаров Ўзбекистонда фаолият юритувчи дикторлар орасида ўзига хос қобилияти, овози ва касб маҳорати билан ажралиб турар эди. Ушбу дикторнинг ўз ишига масъулияти, касбини севиши ва умуман юксак инсонийлик фазилатлари ҳамкасблари томонидан эътироф этиб келинган ва бу ҳамон давом этмоқда. Гапимизнинг мисоли тариқасида 26 декабрь куни Тошкентдаги Алишер Навоий номли Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон Халқ артисти Абдумўмин Ўтбосаров хотирасига бағишланган махсус тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Муслимбек Йўлдошев қаламига мансуб “Мўминга бегона баҳор” номли китоби тақдим этилди.

Бахтиёр Қосимов. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Бахтиёр Қосимов 7 апрель куни 63 ёшида оламдан ўтди. Бахтиёр Қосимов "Оловли йўллар", "Таҳдид", "Зарб", "Гумроҳлар", "Сардор 3", "Паризод", "Учар отлар", "Ёдгор" каби жами 37та фильмдаги роллари орқали ўзбек кинотомошабинининг меҳрини қозонган. У 2013 йилда "Боғ" фильмидаги ижроси учун "Олтин Гепард" мукофотини олган. “Театрдаги энг катта армоним “Ҳамлет” образини гавдалантира олмаганим”, деган эди марҳум актёр. У ўзининг ёрқин роллари орқали ўзбек киносанъатида ўчмас из қолдирган актёрлардан бири ҳисобланади. Бахтиёр Қосимов етиштирган шогирдлар бугун ўзбек театри ва киноси ривожига устозларидан олган юксак билим ва маҳоратлари билан ҳисса қўшишмоқда.

Принс. Жаҳонга машҳур қўшиқчи Принс ўзининг Миннеаполис яқинидаги Пэйшли парк турар-жой мулкида ўлик ҳолда топилди. Унинг мудҳиш ўлими дунё оммавий ахборот воситаларининг диққат марказига тушди. Сўнгги маълумотларга кўра, қўшиқчи опиоид препаратни тасодифий ошириб юбориши натижасида вафот этган. Мутахассисларнинг аниқлашларича, артистнинг ўлимига фентанил сабаб бўлган. Берилган маълумотда фентанилнинг қандай ҳолатда қабул қилинганига ойдинлик киритилмаган - дорини шифокор тавсия қилганми ёки у ноқонуний ишлаб чиқарилганми - буниси ҳозирча номаълум. У 21 апрель куни ҳаётдан кўз юмди.

Эркин Воҳидов. Ўзбекистон Халқ шоири, драматург, жамоат арбоби, Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидов 30 май куни оламдан ўтди. Бу инсон ҳақида жуда кўплаб мақолалар, китоблар, тақризлар ёзиш мумкин. Унинг ҳам инсонийлик, ҳам ижодкорлик ҳислатларини қанча эътироф этса, шунча оз. Мустабидлик даврида мардонавор тарздаўз эли, халқини мустақил кўришни истаган ва бу ҳақда ўз шеърлари ҳамда достонларида баралла айтган шоир хотираси авлодлар ёдида доим абадий.

Муҳаммад Али. Нафас олиш билан боғлиқ муаммо сабабли шифохонага ётқизилган афсонавий боксчи Муҳаммад Али 3 июнь, жума куни АҚШда 74 ёшида вафот этди. Муҳаммад Али 1960 йилги Олимпия ўйинлари ғолиби ва оғир вазн тоифасида мутлақ жаҳон чемпиони (1964-1966, 1974-1978) ҳисобланади. Бундан ташқари, Али боксдаги 21 йиллик фаолияти давомида оғир вазнда уч карра жаҳон чемпиони бўлган. У профессионал рингда 61 жангни олиб бориб, 56 жангни ғалаба билан якунлаган, булардан 37тасида нокаут қайд этилган, 5 мартагина мағлуб бўлган. Муҳаммад Али 32 йил давомида Паркинсон касаллигидан азият чеккан.

Майкл Чимино. “Оскар” соҳиби бўлган режиссёр Майкл Чимино оламдан ўтди. Чимино фаолияти бошида телереклама билан шуғулланган ва сценарийлар ёзган. 1974 йилда мустақил равишда ўзининг илк фильми – “Бақироқ ва Тезоёқ”ни суратга олганди. Унда бош ролни Клин Итсвуд ижро этган. Марҳумнинг иккинчи картинаси “Кийиклар овчиси” фильми Вьетнам уруши воқеаларини ҳикоя қилади. Бу фильмда бош ролни Роберт де Ниро гавдалантирган. Бу фильм бешта “Оскар”га лойиқ кўрилган. Шуниси диққатга сазоварки, Майкл Чиминонинг кўплаб картиналари Канн фестивалида ҳам тақдим этилган. Ижодкор 3 июль куни ёруғ дунё билан видолашди.

Ислом Каримов. 2 сентябрь куни Ўзбекистон Республикасининг биринчи президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов 78 ёшида вафот этди. У 2016 йил 3 сентябрда Самарқанд шаҳрида дафн этилди. Ўзбек халқи чидамли, бардошли, сабрли элдир. Бунга тарихнинг ўзи гувоҳ. Асрлар давомида пишиб мустаҳкамланган мазкур ҳислат дунёдаги бирор бир элатда, миллатда учрамайди. Буни ўз юртбошисидан айрилган ва буни улуғ сабот ила қарши олган ўзбекнинг юз ифодасидан англаш мумкин эди. Халқини ҳуррият сари дадил етаклаб борган, қанчадан қанча ташвишли, бўҳронли кунларни бошидан ўтказган, ўзбек дея яшаган бу инсондан айрилиш ўзбек халқи учун осон бўлмади. Аммо юқорида айтиб ўтганимиз чиройли сабр ила миллат ўз отасини сўнгги манзилга муносиб кузатди.

Рама IX. Таиланд қироли Пумипон Адульядет (Рама IX)13 октябрь куни 88 ёшида ҳаётдан кўз юмди. Бу кун таиландликлар учун жуда оғир, аламли ва кўз ёшларга тўла кун бўлди. Юз минглаб таиландлик кўчаларга чиқиб, ўз қироли билан хайрлашишди. Видолашиш маросиси Бангкок кўчаларида оммавий тарзда бўлиб ўтди. Ҳар бир халқнинг ўз раҳнамоси, йўлбошчиси бўлади. Одамлар унга кўриб ҳам, кўрмай ҳам ғойибий кўнгил қўяди. Қирол Рама IX таиландликлар учун ҳам ана шундай мавқега эга эди.

Мелис Абзалов. Бу йил ўзбек киночилиги учун ҳақиқатда оғир келди. Юқорида номи зикр қилинган Бахтиёр Қосимовдан айрилиқ доғи ҳали қалблардан ўчмаси, ўзбек киносининг яна бир дарғаси, «Чинор остидаги дуэл», «Суюнчи», «Келинлар қўзғолони», «Армон», «Майсаранинг иши», «Кўзларим йўлингда», «Ўтган кунлар», «Чимилдиқ» ва бошқа фильмларнинг режиссёри Мелис Абзалов 25 октябрь куни 78 ёшида вафот этди.

Абдулла Орипов. Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов 5 ноябрь куни оламдан ўтди. “Мен нечун севаман Ўзбекистонни”, деб куйлаган ва бу саволига ўз диёрининг ҳар бир қаричидан жавоб излаган шоирнинг абадий оламга қилган саёҳати одамларнинг юрагини яна бир бор ларзага солди. Ўлимнинг ҳақлиги, уни оний лаҳзаларда ташриф буюриши ва ўз вазифасини астойдил амалга оширишига яна бир бор аён бўлди. Ҳа, ўзбек халқи 2016 йилда жуда оғир йўқотишларга учради, азиз бошларни азиз тупроққа қўйди. Элим деб, юртим деб яшаган яна қачадан қанча фарзандлар бу дунёдан кўз юмди. Уларнинг хотираси ҳар сафар ёдга олинганда дил увишади, кўзда ёш ғилтиллайди. Аллоҳ уларнинг барчасини руҳларини шод, борар жойларини жаннатдан қилсин. Ортларида қолган фарзандлар, шогирдларга эса сабру жамил ато этсин. 

Фидель Кастро. 2016 йил 25 ноябрь санаси Куба республикаси тарихида қора сатрлар билан қайд этилади. Давлат ва сиёсат арбоби, ҳозирги Куба давлати асосчиси Фидель Алехандро Кастро Рус дунёдан кўз юмди. Фидель Кастро Куба давлатчилик тарихида туб бурилиш ясаган, кубаликлар ижтмоий ҳаётида муҳим босқич ясаб берган арбоб эди. Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов вафоти муносабати билан Кубада мотам эълон қилган Кастро тарихнинг учмас зарварақларидан жой олди. Унинг номи кубаликлар қалбида мангу яшайди.

Шунингдек...
14 март куни хонанда Шаҳнозабону 42 ёшида, 16 март куни россиялик таниқли шоир Сергей Есениннинг ўғли бўлган, диссидент, шоир, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳаракати фаоли, файласуф ва математик Александр Есенин-Вольпин 91 ёшида, 1 апрель куни «Би-би-си» томонидан 1965-1968 йилларда суратга олинган Шерлок Ҳолмс ҳақидаги сериалда бош қаҳрамон образини яратган Дуглас Уилмер 96 ёшида, 13 июнь куни таниқли дубляж режиссёри Матёқуб Орзиев, таниқли ҳайкалтарош Эрнст Неизвестный Нью-Йоркда 92 ёшида, 29 август куни Мексикалик таниқли бастакор ва қўшиқчи Хуан Габриэль 67 ёшида, 30 август куни америкалик актёр Жером Силбермен, Жин Уайлдер тахаллуси билан ижод қилган комедик Стамфорд шаҳридаги (Коннектикут штати) уйида, 83 ёшида, 26 сентябрь куни «Гольф қироли» Арнольд Палмер 87 ёшида, 13 октябрь куни Италиялик ёзувчи, драматург, режиссёр, актёр, рассом, таниқли давлат арбоби, адабиёт бўйича 1997 йилги Нобель мукофоти соҳиби Дарио Фо 90 ёшида, 3 ноябрь куни Машҳур россиялик цирк масхарабози Олег Попов 87 ёшида, 11 ноябрь куни Лос-Анжелесда канадалик мусиқачи Леонард Коэн 82 ёшида, 12 ноябрь куни америкалик актёр Роберт Вон 83 ёшида, 19 ноябрь куни Миллий мусиқа саньатимиз ривожига ўзининг улкан ҳиссасини қўшган Ўзбекистон халқ Ҳофизи, “Дўстлик” ордени  соҳиби Исмоилжон Ваҳобов, 5 декабрь куни Ўзбек адабиёти яна бир жудоликка учради. 4 декабрь тонгда таниқли ёзувчи, драматург Эркин Усмонов, 20 декабрь куни Франциялик афсонавий актриса Мишель Морган 96 ёшида, 26 декабрь куни Мамлакатимиз жамоатчилиги оғир жудоликка учради. Ўзбекистон фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш "Нуроний" жамғармаси Андижон вилояти бўлими раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони Таваккал Темирович Топволдиев 82 ёшида вафот этди.

Бу рўйхатни янада давом эттириш мумкин. Гап бунда эмас. Ўлим ҳар бир тирик жонни мавҳ этувчидир. Юқорида номи зикр этилган шахслар ўз замонасининг, ўз соҳасининг етук вакиллари эди. Уларнинг ёрқин хотираси авлодлар ёдида мангу яшайди. Шу ўринда ўзбек шоири, "Шуҳрат" медали соҳиби Ботиржон Эргашевнинг "Эй 2016 йил"шеърини эътиборингизга тақдим этамиз.

Эй, икки минг ўн олтинчи йил,
Бунча оқсан, бунча қорасан?
Гоҳи сендан бахтиёр ҳар дил,
Гоҳо қон йиғлатиб борасан!

Билолмайман сен дўстми, рақиб,
Дилга қувонч ҳам қайғу солдинг!
Кўксим узра "Шуҳрат"ни тақиб,
Устоз Эркин Воҳидни олдинг!

Чарақлатдинг кўнглимиз бутлаб,
Ҳурлик деган қуёшимизни.
Бизни чорак аср-ла қутлаб,
Олиб кетдинг Юртбошимизни.

Эр йигитлар беришиб ваъда,
Ютди, уммон ортига бориб.
Улар олтин олган қитъада,
Жон топширди Абдулла Ориф.

Кўнглимизга сиғмаяпти қил,
Гул отиш, ҳам ўқ отиш бўлдинг!
Эй, икки минг ўн олтинчи йил,
Ўнглаб бўлмас йўқотиш бўлдинг!

Top