23:33 / 30.12.2016
10720

2016 йилда топганларим ва 2017 йилдан кутаётганларим

Ўйлаб кўрсам, мен ўз бахтига эришган инсонлардан эканман. Чунки дунёда инсон учун оиласининг соғ ва саломат бўлиши, ўзи яхши кўрган касбда фаолият юритишдан ортиқроқ неъмат йўқ. 

Ўтиб бораётган йилда жуда кўплаб қувончли лаҳзалар ҳақида фотомақолалар ёзиб, муштарийлар билан ўртоқлашдим. Турли даврий босма ва интернет нашрларида 200дан зиёд материалим босилибди. Рио олимпиадасида Хасанбой Дўстматовнинг чемпион бўлишини олдиндан сезиб, финал ўйинини унинг хонадонидан “Kun.uz” ва “Fut.uz” сайтлари орқали онлайн тарзда олиб борганим ва бу мақоламни 85 мингдан зиёд инсон кузатгани ёдимда узоқ вақт сақланса керак. 

365 кун давомида юртим инсонлари орасида билан ҳамдарду-ҳамнафас бўлганимнинг ўзи жамият учун керакли инсонлигимни англатади. Одамлар орасида бўлиш эса ижодим учун зўр қувват манбаидир. Ёш бўлсамда қизимни узатиб, қайнота бўлдим. Онам, опаларим, ака-ука ва дўстлар ёнимда туриб, бахтли онларимда ҳамроҳ бўлдилар. 

Фотоускуна мени доимий ҳамроҳим. Суратчи-журналист доим гўзаллик ахтаради. Фаровон Ватанимнинг эса ҳар кунида гўзал онларни излаб овора бўлмайсиз. Инсонларни кулгиси чиройли... Тинч ва обод юртда сизга табассум ила боқувчи нигоҳлар жуда кўп. Андижонга Қамчиқ довони орқали келган илк поезд ҳақида мақола ёзганим ва уни кўпчиликка улаша олганим ҳам мен учун йилнинг самарали ўтганидан нишонадир. 

Қисқаси, елдек зувиллаб ўтган йил давомида киндик қоним тўкилган Ўзбекистонда тинч ва осойишта яшадим. Алломалардан бири: “Ватанни ташлаб кетгувчи бўлманг!”, деган эди. Аслида ҳам Ватанда яшаб юртга хизмат қилишдан ортиқроқ бахт йўқ.

Янги йилдан не кутаётганим ҳақида ўйлаб ҳам кўрмабман. Қўққисдан рўй бериши мумкин бўлган яхши янгиликларни кутганим маъқул. Лотореядан ютуқ исташ менга бегона. Яқинларимнинг бахтли яшашларини кўришни хоҳлайман. Фарзандларимни: “Дада китоб олиб келиб беринг!”, деган сўзлари керак менга. Уларни одамларга наф келтирувчи, самимий инсон бўлиб вояга етишлари энг катта орзуим. 

“Водий гавҳари” журнали мен ҳақимда бир саҳифа мақола берибди. Демак менинг ижодимга инсонлар бефарқ эмас.

Насиб қилса, одамлар юрагини яшнатадиган фотосуратлар, мақолалар битиш истагимдир. Самимият ҳамроҳ бўлган кишилардан кўпроқ дўст топсам дейман. 

Элмурод Эрматов

Top