12:36 / 01.01.2017
10231

Қозоғистон 1 январдан БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий бўлмаган аъзоси

Фото: © РИА Новости

Қозоғистоннинг БМТ Хавфсизлик Кенгаши доимий бўлмаган аъзоси сифатидаги мақоми 1 январдан бошлаб кучга кирди ва бу 2018 йилнинг охирига қадар амалда бўлади.

Қозоғистон 28 июнь куни илк марта БМТ Бош Ассамблеяси томонидан Боливия, Швеция ва Эфиопия қаторида 2017-2018 йиллар учун Хавфсизлик кенгашининг муваққат аъзолари этиб танланганди. Бош Ассамблеяда бўлиб ўтган сайлов давомида Қозоғистон БМТга аъзо 138 мамлакатнинг овозини қўлга киритиб, 55 овоз олган Таиландни ортда қолдирганди.

БМТ тузилганида унинг сафида 51 мамлакат бўлган, айни дамда 193 мамлакат БМТ аъзоси ҳисобланади.

Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши таркибига ҳеч қачон кирмаган БМТга аъзо 68 давлат қаторида эди. Улар орасида Афғонистан, Албания, Грузия, Исроил, Кипр, Қирғизистон, КХДР, Молдова, Сербия, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон, Швейцария ва Эстония бор. 

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Хавфсизлик Кенгаши — БМТнинг асосий доимий ишловчи сиёсий органи; БМТ Устави 24-моддасига биноан халқаро тинчлик ва хавфсизликни сақлаб туриш учун асосий жавобгарлик БМТ Хавфсизлик Кенгаши зиммасига юклатилган. БМТ Хавфсизлик Кенгашининг фаолият доираси БМТ Устави (V—VII боблар)да аниқ кўрсатилган ва давлатлар ўртасидаги низоларни тинч йўл билан ҳал этиш соҳасида кенг ваколатлар берилган. У халқаро тўқнашувларни ёхуд низоларни келтириб чиқариши эҳтимол тутилган ҳар қандай низо ёки ҳолатни текшириш ваколатига, тинчликка ҳар қандай таҳдид ва уни ҳар қандай бузиш ёки агрессия ҳолларини аниқлаш ҳамда халқаро тинчлик ва хавфсизликни сақлаб қолиш ёхуд тиклаш юзасидан тегишли тадбирларни белгилаш ҳамда тавсиялар бериш ҳуқуқига эгадир. БМТга аъзо 15 давлат: 5 доимий ва 10 муваққат аъзодан иборат. БМТ Устави 23-моддасига кўра, АҚШ, Буюк Британия, Франция, Хитой ва Россия БМТ Хавфсизлиги Кенгаши доимий аъзоларидир. Муваққат аъзолар эса Бош Ассамблея томонидан 2 йиллик муддатга сайланади, унинг ҳар бир сессиясида 5 муваққат аъзо қайта сайланиши шарт. Муваққат аъзолар ўрни қуйидагича тақсимланади: Осиё ва Африка давлатларидан —5 аъзо, Шарқий Европа давлатларидан— 1 аъзо, Лотин Америкаси давлатларидан—2 аъзо, Ғарбий Европа ва бошқа давлатлар (Канада, Австралия, Янги Зеландия)дан—2 аъзо. БМТ Хавфсизлик Кенгашига аъзо ҳар бир давлат унда бир вакилга эга бўлади. БМТ Хавфсизлик Кенгаши узлуксиз ишлайди, унинг мажлислари орасидаги танаффуслар 2 ҳафтадан ошмаслиги шарт. Мазкур мажлисларда давлатлар вакили инглиз тилидаги расмий номи бўйича алифбо тартибида бир ой мобайнида навбатма-навбат раислик қилади. БМТ Хавфсизлик Кенгаши мажлислари очиқ бўлади; узрли сабабларга биноан мажлис ёпиқ деб эълон қилинган ҳоллар бундан мустасно.

2017 йилда Қозоғистоннинг халқаро аренадаги роли ошиши кутилмоқда. Шу йили Остона шаҳрида Суриядаги вазият бўйича йиғилиш ўтказилиши мумкин. Россия президенти Владимир Путин Туркия раҳбари Ражаб Тойип Эрдўған билан Суриядаги зиддият томонларини муросага келтириш жараёни бўйича навбатдаги учрашувни Остона шаҳрида ўтказишга келишиб олган. У янги майдон Женева музокараларини тўлдиришини айтган. Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Путин ҳамда Эрдўған билан телефон мулоқотлари чоғида бу ташаббусни қўллаб-қувватлашини маълум қилган.

Top