15:22 / 02.01.2017
10183

Таиландда юз берган ЙТҲ оқибатида камида 25 киши ҳалок бўлди

Фото: Khaosod

Таиланд шарқидаги Чонбури вилоятида микроавтобус ва пикапнинг тўқнашиб кетиши оқибатида камида 25 киши ҳалок бўлди, деб хабар бермоқда Khaosod нашри.

Йўл-транспорт ҳодисаси душанба куни Банбинг туманида рўй берган. Чантхабури шаҳридан пойтахт Бангкокка йўл олган микроавтобус пикап билан тўқнашиб кетганидан сўнг ёниб кетган.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, микроавтобус чорраҳадан ўтиб кетган ва ичида йўловчилар бўлган пикап билан тўқнашган.

Нашрнинг полицияга асосан хабар беришича, микроавтобус ҳайдовчиси транспорт воситаси рулида ухлаб қолган ва бу автоҳалокатга сабаб бўлган бўлиши мумкин.

Маълумот учун, Таиландда янги йил байрами вақтида кўплаб ЙТҲ содир бўлади. Ер усти транспорти департаментига кўра, қироллик ҳудудида 29 декабрь-1 январь кунлари рўй берган йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида 280 киши ҳалок бўлди, 2,8 минг инсон жароҳат олди. Автоҳалокатларга аксарият ҳолларда маст ҳолда машина бошқариш сабаб бўлади.

Top