15:21 / 03.01.2017
20144

Автобус йўналишлари метрополитен линияси билан такрорланмайди

Тошкентда шаҳар ва шаҳар атрофидаги ер усти жамоат транспорти йўналишларини оптималлаштириш метрополитенга йўловчиларни жалб этиш мақсадида ўтказилмоқда. Бундай чоралар Ўзбекистон Президентининг “Тошкент метрополитени фаолиятини янада ривожлантириш ва самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чоралар тўғрисида”ги қарорида белгилаб қўйилди. Бу ҳақдаги маълумот Молия вазирлиги сайтида 3 январь куни чоп этилган.

“Тошкент метрополитени”га ўтказмаларнинг рентабеллигини ошириш учун ер усти транспорти йўналишларини метрополитен линиялари билан такрорлашга йўл қўймаслик ва ер устидаги алоҳида йўналишларнинг давомийлиги ҳамда ҳаракатланиш схемасини ўзгартириш вазифаси қўйилган. Қўшимча тарзда ер усти транспорти йўналишларининг сўнгги пунктларини метро бекатлари ёнида қуриш ҳам кўзда тутилган. 

Аввалроқ, пойтахт метрополитени тармоғини ривожлантириш, йўловчилари сонини ошириш, молиявий-хўжалик фаолияти самарадорлиги ва рентабеллигини ошириш мақсадида замонавий технологияларни амалга татбиқ этиш ҳисобидан «Тошкент метрополитени» ДУК «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ташкилий тузилмасига ўтказилганди.

Маълумот учун, Ўзбекистон раҳбари ноябрда Юнусобод метро линиясининг 2,7 километр бўлган иккинчи босқичи қурилишининг параметрларини тасдиқлаганди. У 2017-2019 йилларга мўлжалланган. 

Top