15:13 / 03.01.2017
26548

Ўзбекистонда тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини ривожлантириш дастури қабул қилинди

Ўзбекистонда «2017 - 2019 йилларда тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида» қарор қабул қилинди.

Ҳужжатда 2017-2019 йилларда пахта толаси ва ипак хомашёсини чуқур қайта ишлаш негизида ташқи бозорларда талабгор бўладиган тайёр тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш топшириғи белгилаб берилди.

Марказий банк маълумотларига кўра, бу мақсадлар учун 2,2 миллиард доллардан зиёд маблағ ажратилиши режалаштирилган. Лойиҳани амалга оширишда Ўзбекистоннинг тижорат банклари бевосита иштирок этади. 

Дастурга мувофиқ, кредит линиялари доирасида тижорат банклари билан биргаликда молиялаштириладиган инвестиция лойиҳалари қуйидаги талабларга жавоб бериши керак:

тижорат банклари устав капиталига, шу жумладан шўъба инвестиция компаниялари орқали ёки модернизация қилинаётган ёхуд янгидан ташкил этилаётган корхоналарга қайта молиялаштирилаётган кредитлар бериш орқали лойиҳалар молиялаштирилади;
қайта молиялаштириш шартларида лойиҳани амалга оширишда тижорат банкининг иштироки лойиҳа қийматининг кўпи билан 75 фоизини ташкил қилади;
кредит линиялари хорижий валютада берилади, уларга хизмат кўрсатиш ва уларни тўлаш ҳам қайта молиялаштирувчи тижорат банклари ҳамда қарз олган ташкилотлар томонидан худди шу валютада амалга оширилади;
инвестиция лойиҳалари «Ўзбекенгилсаноат» АЖнинг  Илмий-техника кенгашида мажбурий экспертизадан ўтказилади, уларни амалга ошириш доирасида тузиладиган импорт контрактлари эса — Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Янгидан қуриладиган ва реконструкция қилинадиган ишлаб чиқариш қувватлари лойиҳаларининг ТИА, техника ва технологияларни экспертизадан ўтказиб баҳолаш агентлигида мажбурий экспертизадан ўтказилади.

2017 йилнинг 1 январидан қуйидагилар экспортидан олинган хорижий валютадаги тушумнинг бир қисмини ваколатли банкларга мажбурий сотиш бекор қилинади: тайёр ип-газламалар, тайёр аралаш газламалар, тайёр ипак газламалар (атласдан ташқари), тайёр тикув буюмлари, тайёр кийимлар (тикув, трикотаж буюмлари), бош кийимлар (миллий бош кийимлардан ташқари), пайпоқ буюмлари, тўқимачилик атторлик буюмлари.

Корхоналарда ҳисобот даври якунлари бўйича умумий сотиш ҳажмида кўрсатилган товарларни ишлаб чиқаришдан тушган тушумлар улуши камида 60 фоизни ташкил этиши керак.

Амалга ошириладиган чора-тадбирлар тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатининг янада жадал ривожланиши, шунингдек рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш ассортименти кенгайишини таъминлайди. Шу билан бирга бундай ёндашув соҳага хорижий инвестицияларни жалб қилиш имконини беради. 

Top