19:20 / 03.01.2017
10039

Жанубий Корея президентининг импичменти бўйича биринчи суд йиғилиши атиги 9 дақиқа давом этди

Фото: РИА "Новости"

Жанубий Корея конституцион суди парламентнинг президент Пак Кин Хенинг импичменти юзасидан қарорига доир илк очиқ мажлисини ўтказди. У давлат раҳбарининг келмагани туфайли атиги тўққиз дақиқа давом этган.

Ренхап агентлигининг маълумотларига кўра, Жанубий Корея президентининг келмагани туфайли суд айблов ва ҳимоя томонининг сўзга чиқишини пайшанба кунига қолдирди. Пак Кин Хе яна судга келмайдиган бўлса, келажакдаги мажлисларда унинг ишончли вакили қатнашади.

Импичмент суд томонидан тасдиқланадиган бўлса, мамлакатда икки ой давомида янги президент сайловлари ўтказилиши лозим. Пак Кин Хенинг президентлик ваколатлари расман 2017 йилнинг февралида якунига етиши керак эди.

Маълумот учун, Жанубий Корея ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари мамлакат президентининг дугонаси Цой Сун Силни ҳеч қандай давлат лавозимларини эгалламай туриб, президент томонидан қабул қилинаётган сиёсий қарорларга таъсир ўтказишда гумон қилмоқда. Бу ҳолат эса охир-оқибат президентга импичмент эълон қилишга сабаб бўлди.

Цой Сун Силь ҳибсга олинди. У ва президент маъмуриятидаги икки нафар юқори лавозимли амалдорга хизмат вазифаларини суиистеъмол қилиш бўйича айбловлар қўйилди. Мамлакат парламенти эса 9 декабрь куни президент Пак Кин Хега импичмент эълон қилишга овоз берди. Давлатда президент вазифасини вақтинча бош вазир Хван Гё Ан бажармоқда.

Top