09:53 / 04.01.2017
9848

МРБ директори: Россиянинг ҳарбий ҳаракатлари минглаб сурияликларнинг ҳаётига зомин бўлди

Россия Сурияда яксон қилиб ташланган ер тактикасини қўлламоқда. Бундай баёнот билан АҚШ Марказий разведка бошқармаси директори Жон Бреннан чиқиш қилди.

У Россия раҳбариятини дунё аренасида “ўз қонун-қоидалари асосида ўйнаётганлик”да айблади. "АҚШ ҳеч бир ҳарбий можарода руслар Сурияда амалга оширган ишини қилмаган. Уларнинг ерларни яксон қилиб ташлаш тактикаси минглаб оддий фуқаронинг ўлимига олиб келди", - дея айтиб ўтди МРБ раҳбари PBS телекомпаниясига берган интервьюсида.

АҚШ Марказий разведка бошқармаси директори Жон Бреннан

Унинг сўзларига кўра, америка разведкаси россиялик ҳарбий контингентнинг Сурияга келишидан аввал, “ўзининг азалий иттифоқдошига ёрдам беришидан” хабардор эди. Бреннаннинг сўзларига кўра, АҚШ Россия билан Сурия президенти “Башар Асад муаммонинг бир қисми экани” юзасидан музокаралар олиб борган. Бироқ унинг фикрича, “руслар барча мухолифатни террорчи деб ўйлашди”. 

"Шунинг учун улар шошма-шошарлик билан ҳарбий ҳаракатларни амалга оширишди. Бу эса кўплаб сурияликнинг ҳаётига зомин бўлди" – маълум қилди Бреннан.

Маълумот учун, Россия ҳаво кучларининг Сурия ҳудудидаги жангариларга қарши амалиёти 2015 йилнинг 30 сентябрь куни бошланди. Президент Владимир Путин 2016 йилнинг 14 март куни Суриядан асосий кучларни олиб чиқиб кетишни бошлаш ҳақида буйруқ берди.

Top