19:20 / 04.01.2017
49042

Оқ либосдаги доғларнинг ҳар бири шармандаликдир

Оппоқ либос. Оқ либосни юзи нурли, нажот кутиладиган инсон – шифокорлар кияди. У ҳамиша оғир кунларимизда, қийинчилик дамларимизда жонимизга оро кирган. Тишимиз оғриса ҳам, бошимиз оғриса ҳам фақат унинг ёнига нажот – шифо истаб борамиз. Дардимизга шифо топсак, шифокоримиз қадрдон ака-укамиз, опа-синглимизга айланиб қолади. Баъзан яхши ниятлар ила шифокор, ҳамшираларнинг исмини фарзандимизга, набираларимизга қўямиз – у ҳам катта бўлганда инсонларни даволасин, дардига малҳам бўлсин деб. Зеро, динимиз инсонларга фойда келтирган, оғирини енгил қилганга улкан савоблар, ажрлар ваъда қилган. Шифокорлик мана шундай шарафли, савобли ҳамда масъулиятли касб!

Оқ либос поклик, ҳалоллик рамзи. Аммо шифокорликнинг оқ либосини кийиб қора ишлар (фидойи шифокорлардан минг бор узр сўрайман) қилаётганлари ҳам оз эмас. Баъзи шифокорлар пул илинжида, баъзилари обрў, баъзилари амал курсига ишқибоз бўлиб, ким эканлигини, нима иш қилиши лозимлигини унутиб қўяди – оқ либосига доғлар сочади.

Ўқувчим дарсга келмай қўйди. Тиши оғриб қолибди. Анча кун йўқ бўлиб кетди. Келгач, шунчаки тиши оғримагани, балки жарроҳлик операциясини бошидан ўтказганини айтиб қолди. Тиши оғриб стомотолог ҳузурига борибди. Доктор қуртлаган тишини игна билан тозалаётганида игна нерв каналлари орасида синиб, милкка санчилиб қолибди. Доктор синган игнани чиқармай, тишни ёпиб қўйибди. Укол таъсири тарқаб, оғриқ зўрайибди. Оғриқсизлантирувчи дориларнинг ҳеч бири таъсир қилмабди. Ҳолат ёмонлашавергач, бошқа шифокорга мурожат қилган. Рентген қилингач, милк орасида игнанинг учи борлиги маълум бўлган. Шифокор тишни суғуриб, милкни кесиб, игнани олиб ташлабди. Ўқувчим дарсга кела бошлади, аммо ҳали ҳам оғриқлари босилмаган, ўзига келмаган. Дарсда бошини қўйиб, ранги оқариб бир ҳолатда ўтиради.

*****

Дугонам бир неча йиллардан бери фарзанд кутади. Ҳар бир мақтови қилинган, ўзгалар фарзанд кўришига сабабчи бўлган шифокорнинг дарагини топса, дарров ҳузурига чопади, дардига шифо излайди. Бир куни хомуш ҳолда учратдим: шифокори ёзиб берган дори ва уколларини тополмаётган экан. Топганлари ҳам жуда қиммат бўлиб, ҳаммасини олишга имкони йўқлигидан кўзи тўла ёш. Дорихонага кирдик, рўйхатни кўрсатдик. Дорихоначи кулиб, бу дорилар ўрнига оддий антибиотиклар қабул қилса ҳам бўлишини, қоғозда ёзилган дори билан антибиотик таркиби бир хил эканлигини, фарқи бири ўзимизда, бири хорижда ишлаб чиқарилганилигида эканини айтиб қолди. Дугонам кўнмади. Доктор қаттиқ тайинлаган, олиб бормасам жаҳли чиқади, дея унамай туриб қолди. Бир амаллаб кўндирдик. Қиммат дорилар ўрнига оддий, таркиби бир хил арзонроқ доридан олдик. Дугонам муолажага шифокори ҳузурига кетди. Кейинги кун гаплашсак, шифокор дориларни кўриб уларни улоқтирганини, агар фарзанд керак бўлса, барча айтганларини сўзсиз бажаришини, “ҳеч нарсадан хабари йўқ аптекачилар”ни айтганини қилмай, “10 йил олийгоҳда ўқиган” докторга қулоқ солишини тайинлаган. Ўзи айтган дорилар фалон манзилдаги дорихонадан топилиши, бошқа ерларни қидириб овора бўлмаслигини таъкидлаган. Фарзанд кўриш учун ҳамма нарсага шай дугонам “хўп” дея яна дорихоналарни кезиб чиқибди. Охири баъзи таблеткалар, уколларни топган, баъзиларини топа олмаган. Топганларини муолажа бошлаш учун оилавий шифохонасига – доктор ёнига олиб чиқибди. Докторнинг чеҳраси бироз ёришиб, энди муолажани тезлик билан бошлаш кераклигини айтибди. Сўралган дориларнинг устки қисмини йиртиб олиб, дориларни бир тартибда ичишни ўргатаман дебди, муолажа бошлабди. Хуллас, қолган дориларни топиш учун саргардон бўлиб турган кунларида таниш шифокоримга қўнғироқ қилдик, дорилар ҳақида сўрадик. У ташвишли оҳангда “10 йил олийгоҳда ўқиган” шифокорга бормаслигимизни, бу қадар кучли дорига эҳтиёж йўқлигини қаттиқ тайинлади. Бунинг устига дугонамдан сўралган дорилар чет эл фирмалариники бўлиб, йиртиб олинган ҳар бир этикет учун 1-2 АҚШ долларида “хизмат ҳаққи” ажратилиши, бунинг устига оддий антибиотиклардан фарқ қилмаслиги маълум бўлди.

Дугонам чув тушгани, шифокор танлашда адашгани, дардига даво истаб борган инсони беморларига фақат “даромад манбаи”, дея қарайдиган “тижоратчи” бўлиб чиққанидан уввос солиб йиғлаб юборди.

Дард чекаётган инсонга бу каби муносабатда бўлиш, чўкаётган инсонга қўлингни бер дея, оқим тарафга итариб юборишга ўхшайди. Дугонам қачондан бери шифокорларга ишонмайди, даволанишига ҳафсаласи ҳам йўқ...

*****

Бир қариндошимиз шифохонада оламдан ўтди. Таъзия бошланиб кетди. Дафн маросимига тайёрланиш бошланди: қабр қазилди, ювувчи, маросим машинаси чақиртирилди, узоқ-яқиндан қариндошлар, маҳалла-кўй жам бўлди. Ҳамма қайғуда. Висир-висир бошланди...

•  Ким билсин, пешинга дейишяпти...
•  Вой, айланай. Майит ҳали йўқ-ку!
•  Нима?! Ҳамма нарса тахт – майит йўқ?!

Гап-сўз кўпайди. Пешинга яқинлашиб қолди, майит эса йўқ. Қўнғироқ қилдик. Рухсатнома берадиган доктор йўқ экан. Бунинг устига майит ёрилмаса, жавоб ҳам берилмасмиш. Яна аллақандай ҳужжатлар зарур экан. Хуллас, жаноза асрга қоладиганга ўхшади. Майитнинг яқинлари жигарининг ўлганига куйсинми, жасадини олиш учун югурсинми?! Тоқати тоқ бўлган опа шарт туриб, шифохонада югур-югур қилаётган жиянларига сим қоқди:

•  Муддаосини очиқ айтсин! Ёрадиган ҳоли йўқ-ку укагинамнинг. Касал бўлиб, озиб-тўзиб ҳаётдан кўз юмган бўлса!
•  Аммажон, “қистир” дейишяпти...!
•  Қанча?!
•  .. кўкида. Шунда ёришмасакан, тезда қўйиб юборар экан...
•  Узат, узат ноинсофларга! Ўлик устидан пул ейишади-я! Адангнинг совуқ жасади мустар бўлиб қолмасин...”.

Бироздан сўнг майит келтирилди. Сўнгги манзилга кузатилди.

*****

Танишим тўртинчи фарзандига ҳомиладор бўлди. Ўзига яхши гинеколог топди. Назоратда бўлди. Барча айтганларини қилди. Ой куни яқинлаша бошлаганида қаттиқ таъйинлади:

•  Учала қизимни минг машаққат билан дунёга келтирганман. Шу боламни қўлга олсам, иншааллоҳ, бошқа ҳомиладор бўлмасам ҳам керак. Аллоҳ ўғил берадиганга ўхшаб турибди. Жон доктор, табиий туғруққа соғлигим тўғри келмайди, таним заиф, бунинг устига ёшим катта. Илтимос, вазиятга қараб, жарроҳлик амалиёти ўтказинг. Олдинги туғруқларда ҳам ҳушимдан кетиб қолардим. Бунисида ҳушимдан кетсам, табиий туғруққа дош беролмайман...
•  Ваҳимачи бўлманг! Яхши ният қилинг, амалиётни нима қиласиз? Мен, мана, неча йиллардан бери шу борада илмий иш олиб боряпман. Сизни ўзим, ўз қўлларим билан табиий туғдириб оламан. Бунинг учун менда зарур илм, керакли асбоблар етарли. Ҳали раҳмат дейсиз. Сиз биринчи ҳам, охиргиси ҳам эмассиз...”.

Кутилган кун келди. Танишимнинг тажрибаси алдамади: туғруқ жараёни қийинчилик билан бошланди, онадан сув кета бошлади. Бола чиқай демасди. Она айтганидек ўзидан кетди. Кучанишга ҳоли қолмади. Ўз билимига ишонган доктор онанинг илтимосини эслади: мени жарроҳлик амалиёти билан туғдиринг... Амалиётга кеч бўлганди. Боланинг оёғи кўринди. Уни махсус тортгич асбобида чиқариб олишди. Болажон кўкариб, жонсиз ҳолатда дунёга келди. Онасининг ҳушсиз танасига умид билан қўйилди, нафас олармикин, дея бор имконият ишга солинди, бироқ фойдаси бўлмади. Ўзига ишонган гинеколог довдираб қолди, ҳушсиз она, жонсиз болага қараб, беморининг ёлворганларини эслади: “Ўзим табиий туғолмайман. Жарроҳлик ўтказинг...”. Тўғри бу тақдир. Жон бергувчи ҳам, олгувчи ҳам Аллоҳ. Аммо ўзига бу қадар қаттиқ ишониш, тажрибага суяниб, воқеликдан кўз юмиш виждон азобида ёндиради.

Ўз ишига пухта бўлмаган икки инсондан қўрқилади: бири олим, бири шифокор. Олимнинг нотўғри фатвоси охиратни куйдирса, шифокорнинг нотўғри муолажаси инсон ҳаётини сўндиради.

Ўз касбига масъулият билан қарамаган, умид билан келган беморга мадор бўлиш ўрнига, уни ўз орзу-ҳавасларининг амалга ошишида бир восита қилиб оладиган шифокорнинг оппоқ кийимида доғлар пайдо бўлади. Бу доғларнинг ҳар бири эса шармандаликдир. Шармандаликнинг эса Ҳисоб кунида жавоби бор!

Нилуфар САИДАКБАРОВА,
Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта
махсус ислом билим юрти ўқитувчиси
Манба: Ўзбекистон Мусулмонлари идораси расмий веб портали

Top