00:28 / 08.01.2017
135305

Шавкат Мирзиёев аниқ манзилга етиб бормаган 41 миллиарддан зиёд маблағ ҳақида сўзлади

Маълумки, 2017 йилнинг 7 январида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Прокуратура органлари ходимлари куни олдидан бир гуруҳ соҳа вакиллари билан учрашди. Унда давлатимиз раҳбари прокуратура органлари фаолиятига боғлиқ бўлган бир қатор муҳим масалаларга тўхталиб, уларни рақамлар билан асослади. 

Шавкат Мирзиёевнинг сўзларига кўра, ўтган йили очилган Бош вазирнинг виртуал қабулхонасига қисқа давр мобайнида Ўзбекистон фуқароларидан 311 мингдан зиёд мурожаат келиб тушган. "Икки ой ичида 311 минг аҳоли жойдаги аҳволдан норози!", - деди Президент. 

"Мурожаатларнинг 111 мингдан ортиғи ёки ҳар учтадан биттасида ижтимоий соҳадаги ўткир масалалар кўтарилган. Жойларда иш ҳақи ва пенсия тўловларини кечиктириш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш учун ажратилган бюджет маблағларини нотўғри сарфлаш ва талон-тарож қилиш ҳолатлари мунтазам равишда давом этиб келаётгани ҳаммамизни ташвишга солиши шарт!", - дея таъкидлади давлатимиз раҳбари. 

Ўтган йили 5925 фуқаролар йиғинида кам таъминланган оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун ажратилган 41 миллиард 300 миллион сўмга яқин нафақа ва моддий ёрдам пули ноқонуний тўланганлиги бунга мисол қилиб келтирилди. 

Бундан ташқари, нақд пулнинг банкдан ташқарида айланиши билан боғлиқ салбий ҳолатларга қарши етарлича кураш олиб борилмаётганлигига урғу берилди. 

"Аслида бу масалалар назорати прокуратура ҳузуридаги департаментнинг бевосита вазифасига киради. Бироқ афсуски, департамент ва унинг жойлардаги бўлимлари бу ишни ўз ҳолига ташлаб қўйган. Шунинг учун департамент янги раҳбари эътиборини ушбу муҳим масалани алоҳида назоратга олиш зарурлигига қаратмоқчиман", - деди Ш. Мирзиёев. 

TAS-X

Top