11:50 / 09.01.2017
6558

«Тошкент» РФБнинг 2016 йилги айланмасига доир маълумотлар тақдим этилди

Фото: «Тошкент» Республикаси фонд биржаси

«Тошкент» Республика фонд биржаси савдо айланмасининг умумий ҳажми 2016 йилда биржа фаолияти тарихидаги энг юқори кўрсаткични - 299,8 млрд. сўмни ташкил қилди ва 2015 йил савдо айланмасига (161,0 млрд. сўм) нисбатан 1,9 мартага ошди. Бу ҳақида РФБ расмий сайтида хабар берилди. 

Бу даврда фонд биржасида қимматли қоғозлар билан амалга оширилган битимлар сони 3080 тани ташкил этган ҳолда 2015 йилга нисбатан 1,1 марта юқори натижа қайд этилди. Йил бошидан буён биржа савдолари орқали 141 та акциядорлик жамиятининг 689,1 млн. дона қимматли қоғозлари билан биржа битимлари амалга оширилди.

Манба: «Тошкент» Республикаси фонд биржаси

2016 йил давомида қуйидаги савдо секцияларида савдо битимлари амалга оширилди:

- давлат акция пакетларини сотиш секциясида – 22,3 млрд. сўмлик савдо битими, шундан 0,4 млрд. сўмлик қисми (0,13 млн. АҚШ долл.) хорижий валютада сотилган;

- иккиламчи бозор секциясида – 205,5 млрд. сўмлик савдо битими, шундан 112,6 млрд. сўмлик қисми (35,9 млн. АҚШ долл. ва 45,7 минг Евро) хорижий валютада сотилган;

- қўшимча чиқарилган акцияларни жойлаштириш секциясида - 68,0 млрд. сўмлик савдо битими, шундан 10,0 млрд. сўмлик қисми (3,4 млн. АҚШ долл.) хорижий валютада сотилган;

- корпоратив облигациялар  билан 4,0 млрд. сўмлик битим имзоланди. 

Ўтган 2016 йилда умумий биржа савдо айланмасида иқтисодиётнинг молиявий тармоғи улуши 51,6% ёки 154,8 млрд. сўмни ташкил қилган ҳолда, шундан 50,6% ёки 151,8 млрд. сўмлик қисми тижорат банкларининг қимматли қоғозлари билан амалга оширилган битимлардан иборат бўлди. 2015 йилда биржа савдо айланмасида молиявий тармоқнинг улуши 88,4% ёки 141,3 млрд. сўмни ташкил қилган эди.

Шунингдек, ўтган даврда умумий биржа савдо айланмасида агросаноат мажмуасининг улуши ўсган ҳолда 5,3% ёки 14,9 млрд. сўмни (2015 йилда – 7,4% ёки 11,8 млрд. сўм), саноат тармоғининг улуши эса 24,6% ёки 73,7 млрд. сўмни (2015 йилда – 0,3% ёки 0,5 млрд. сўм) ташкил қилди.

Қурилиш материаллари тармоғига кирувчи жамиятларнинг қимматли қоғозлари билан амалга оширилган битимлар ҳиссаси биржа савдо айланмасида 1,2% ёки 3,5 млрд. сўмдан (2015 йилда – 1,9% ёки 3,1 млрд. сўм) иборат бўлди.

Top