17:03 / 09.01.2017
14757

Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида товламачи электромонтажчилар қўлга олинди

Фото: Getty Images

Зокир Мўминов ҳамда Нурилла Носировнинг (исм-фамилиялар ўзгартирилган) асл касби электромонтажчи. Бири Мирзо Улуғбек туман электр тармоқлари корхонасида, иккинчи пойтахтдаги хусусий корхоналарнинг бирида ишлайди. Ўзаро суҳбатларининг бирида З.Мўминов шеригига қонунийликка тўғри келмаса-да, унча-мунча даромад топиш мумкинлигини айтган эди, Н.Носиров ўйлаб ҳам ўтирмай, рози бўлди, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.
Икковлон Мирзо Улуғбек туманида жойлашган “Ягона” овқатланиш мажмуасига кириб келишди.

-  Биз “туман электр корхонаси”данмиз. Электрдан бўлган қарздорлигингиз ҳақида билдириб қўяйлик, деб келдик, - деди улардан бири.
-  Ие, шунақами? Келинглар, электрдан қарзимиз бор эканми? – сўради мажмуа иш юритувчиси Ботир Исломов.
-  Бор экан ҳам гапми, ака, нақд 5 млн. 200 минг сўм-а! Тез тўламасангиз, ошхонани тармоқдан узамиз.

Бу гап Б.Исломовнинг “капалагини учирди”. Аранг “йўғ-е”, дея олди.

Аслида ошхонанинг электрдан қарзи 856 минг сўм эди. Улар тўғрисини айтишганида, тўлов тезда амалга оширилиб, муаммо ҳал этиларди. Бироқ жараён бундай кетса, ўзлари қуруқ қолишларини ҳам яхши билишарди.
-  Буни ечими бор, ака. Фақат... иси чиқмаслиги керак.
-  Мени ким деб ўйлаяпсизлар?! Менга ёрдам берасизлар-у, сизларни фош қиламанми? – деди иш юритувчи.
-  Унда эшитинг, 2 млн. сўм эвазига ишингиз ҳал бўлади. Фақат пулни тезроқ етказасиз...

Иш юритувчи аввалига уларнинг талабига кўнмади. Электр тармоқлари корхонасига бориб, қарзининг қанчалигини билди ва пулни тўлаб, фаолиятини давом эттираверди. Мўмай пул илинжида бўлган икки тамагир эса ишни шундоқ қолдиришмади. Орадан бир ҳафта ўтгач, яна келиб, дўқ-пўписа қилдилар. Б.Исломов уларнинг талабини бажаришдан бош тортди.

Режалари амалга ошмаган товламачилар ошхонани электр тармоғидан узиб қўйишди. Ноилож қолган иш юритувчи улар сўраган пулни кечгача топиб беришни ваъда қилди.

Шундай сўнг Б.Исломов уларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари тўғрисида СВОЖЖДЛҚК департаментининг Мирзо Улуғбек туман бўлимига ариза билан мурожаат қилди. Нафсининг гапига кириб, жиноятга қўл урган З.Мўминов ҳамда Н.Носиров товламачилик йўли билан тадбиркордан 2 млн. сўм пулни олаётган вақтда қўлга олинди.

Улар суд томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбдор деб топилиб, ахлоқ тузатиш ишлари жазосига тортилди.

Top