17:58 / 11.01.2017
5645

Касаба уюшмалари санаторийларида 8 мингдан зиёд 1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийлари соғломлаштирилди

Бугунги кунда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимида 17 та санаторий ҳамда 2 та дам олиш уйи фаолият юритмоқда. Уларда ҳар йили республикамизнинг 100 минг нафардан зиёд турли соҳа ходимлари ва уларнинг оила аъзолари ҳордиқ чиқариб, ўз саломатликларини мустаҳкамлаб келмоқдалар, деб хабар берди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Матбуот хизмати. 
 
Тизимдаги ҳар бир санаторий кўп тармоқли бўлиши билан бирга, кардиологик, гастроэнтерологик, гинекологик, неврологик, пульмонологик ҳамда нефрологик касалликларни даволашга ихтисослаштирилган. Барча санаторийлар жойлашган ҳудуди, табиати, мўътадил иқлими, ер тубидан табиий равишда сизиб чиқаётган маъданли сувлари, улар таркибидаги органик минерал тузларнинг даволи таъсирига кўра  дунёга машҳур хориж сиҳатгоҳлари билан тенг рақобатлаша олади. 

Тиббий хизмат сифатини янада ошириш мақсадида санаторийлар замонавий гастрофиброскоп, кольпоскоп, ректоскоп, гинекологик гидроколонотерапия, умуртқа поғонасини компьютер назоратида тортиш, замонавий компьютер ЭКГ аппаратлари, биокимёвий анализаторлар билан таъминланган. Шунингдек, санаторийларнинг даволаш бўлимлари янги замонавий физиотерапевтик асбоб-ускуналар билан бойитилди. Тасарруфдаги санаторийларда нафас олиш аъзолари касалликларини даволаш учун “Тузли ғор” ташкил қилиниб, спелеотерапия даво усули ҳамда “озонотерапия”, “нордик юриш”, “стоунотерапия”, “псаммотерапия” каби янги даво усуллари татбиқ қилинди. 

Кекса авлод вакилларини соғломлаштириш масаласи ҳам касаба уюшмаларининг доимий диққат марказида бўлиб келмоқда. Хусусан, 2015-2016 йиллар давомида 8 минг нафардан зиёд 1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийлари манзилли соғломлаштирилди. Санаторийларда улар учун қўшимча қулайликлар яратилиб, “Уруш ва меҳнат фахрийлари бўлимлари” фаолияти йўлга қўйилди. Фахрийларга малакали тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида санаторийлардаги бир қатор шифокорлар “герантология”, яъни кексаларни даволаш бўйича мутахассисликка ўқитилиб, отахон ва онахонларга юқори даражали тиббий ва маиший хизматлар кўрсатилиши таъминланди. 

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан меҳнаткашларнинг дам олишга бўлган талаб ва истаклари тобора ошиб бораётганлигини инобатга олган ҳолда ўз тизимидаги санаторийларда ўринлар сонини кўпайтириш орқали меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш билан қамраб олиш кўламини янада кенгайтириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Шу мақсадда, бугунги кунда Термиз шаҳридаги “Термиз марвариди” санаторийсини давр талаби даражасида таъмирлаш ва қайта жиҳозлаш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу маскан Сурхон воҳасидаги бальнеологик ва иқлимий курорт бўлиб, дам олувчиларни даволашда санаторийда мавжуд сунъий кўл бўйидаги қумдан табиий омил сифатида фойдаланилади. Шунингдек, 2017 йилда “Оқ-тош” ва “Зомин” санаторийларида янги ётоқ биноларини барпо этиб, халқимизга туҳфа этиш мақсад қилинган.

Top