13:41 / 14.01.2017
6020

Пекин ҳукумати ҳаво ифлосланиши билан курашга деярли 3 миллиард АҚШ доллари сарфлайди

фото: AFP

Хитой пойтахти ҳукумати 2017 йилда ҳаво ифлосланиши билан курашга йўналтирилган чоралар учун 18,22 миллиард юань (2,64 миллиард АҚШ доллари) сарфлашни режалаштирмоқда.

Синьхуа агентлигининг маълумотларига кўра, Пекин молия бюроси раҳбари Ли Инцзинь бу ҳақда маълум қилган. Хусусан, ҳукумат экологик қурилишларни ривожлантириб, энергоманбалардан иқтисод қилиш ва атмосферага чиқариладиган зарарли моддалар ҳажмини пасайтиришни режалаштирмоқда. Шаҳар ҳукумати 2016 йилда атроф-муҳит ифлосланиши билан курашга 2,5 миллиард сарфлаганди.

Шу тариқа, ҳукумат 2017 йилда ҳаводаги PM2.5 зарарли моддалар ўртача йиллик миқдорини бир кубометрга 60 микрограммга қадар пасайтирмоқчи. 2016 йилда бу кўрсаткич 73 микрограммни ташкил қилди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига кўра, ҳаводаги бундай моддаларнинг хавфсиз даражаси бир кубометрга 25 микрограмм этиб белгиланган.

Аввалроқ Пекин шаҳри мэри вазифасини бажарувчи Цай Ци ҳукумат 2017 йилда атроф-муҳит ифлосланиши билан кураш доирасида атмосферага зарарли моддаларни кўпроқ чиқарувчи автомобиллар сонини янада қисқартириш ниятида эканини хабар қилганди. 2016 йилда уларнинг сони деярли 340 мингтага камайтирилган.

Маълум қилинишича, 2017 йилда шаҳар раҳбарияти кўмирни истеъмол қилишни 30 фоизга камайтиради, атроф-муҳитни ифлослантирувчи 500 та корхона ёпилади, 2,6 мингта корхона юқорироқ экологик стандартларга мос келиши учун модернизация қилинади. Бундан ташқари, атроф-муҳит муҳофазаси бузилиш ҳолатлари, жумладан очиқ ҳавода пикниклар уюштириш, чиқиндиларни ёқиш ва бошқаларни назорат қиладиган "табиатни қўриқлаш полицияси" ташкил этилади.  

Маълумот учун, 2,5 микрондан кичикроқ PM 2.5 заррачалари ҳавода туманга ўхшаш ҳис вужудга келтиради ва инсон ичига кириб, ўпкасида ўтириб қолади ҳамда жиддий муаммоларга олиб келади. 

Top