10:40 / 14.01.2017
11168

Туркманистон раҳбари бош вазирнинг икки ўринбосарини алиштирди

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов давлат раҳбари ва ҳукумат девони ишлар бошқарувчиси бўлган бош вазир ўринбосари Сатлик Сатликовни ўз вазифасидан озод қилди. Бу ҳақда маҳаллий ОАВ хабар бермоқда.

Президент томонидан тегишли қарор ҳукуматнинг 2016 йил якунларига бағишланган кенгайтирилган йиғилишида қабул қилинди.

Шамухаммет Дурдилиев эса Ашхобод ҳокими этиб тайинланди. У ҳукуматда қурилиш ва электроэнергетика масалаларига жавоб берган. Транспорт ва алоқага жавобгар бўлган Сатлик Сатликов Балкон вилояти (Туркманистон ғарбидаги вилоят) ҳокими бўлди.

Бунга қадар мамлакат темир йўл транспорт вазири лавозимини эгаллаган Байрам Аннамередов ва “Туркманавтойўллари” давлат концерни раиси бўлиб ишланган Дадебой Амангелдиев янги бош вазир ўринбосарлари этиб тайинланди. Аннамередов ҳукуматда транспорт ва алоқага жавоб берса, Амангелдиев – қурилиш ва электроэнергетика масалалари билан шуғулланади.

Шунингдек, давлат раҳбари Мамметниёз Нурмаммедовни Туркманистон президенти ва ҳукумати девони ишлар бошқарувчиси этиб тайинлади. Миратниёз Абилов эса мамлакат коммунал хўжалик вазири бўлиб ишлайдиган бўлди. У аввал мамлакат пойтахти ҳокими эди.

Бундан ташқари, Бердимуҳамедов Балкон вилояти ҳокими Дурди Дурдиевни ўз ишида йўл қўйган жиддий камчиликлари сабаб ишдан бўшатди.

Top