11:42 / 16.01.2017
3885

ОПЕК бош котиби Венесуэлага ташриф буюрди

Нефть экспорт қилувчи мамлакатлар ташкилоти ОПЕК бош котиби Муҳаммад Баркиндо 15 январь куни Венесуэлага ташриф буюрди. Бу ҳақда Жанубий Америка давлати нефть вазирлиги хабар қилган. 

"ОПЕК бош котиби нефть бозоридаги вазиятни муҳокама қилиш мақсадида Венесуэла ҳукумати билан учрашади", — дейилади вазирликнинг Twitter микроблогида. У ерда ОПЕК бош котибининг келишига доир суратлар ҳам эълон қилинган.

Венесуэла президенти Николас Мадуро, ўз навбатида, нархларни барқарорлаштириш учун янги таклифни илгари суриш ниятида эканини билдирган эди. Унинг сўзларига кўра, келаси ҳафтада, ўз таклифи билдирилган мактубларни барча манфаатдор томонларга юборади. 

ОПЕК 30 ноябрда нефть қазиб олишни кунига 1,2 миллион баррелга қисқартиришга қарор қилган эди. Ташкилотга кирмайдиган мамлакатлар 10 декабрда кунига 558 минг баррелга қисқартириш борасида битимга келганди. 

Top