23:00 / 19.01.2017
7169

Туркия илк фрегатини қурмоқда

Истанбул яқинидаги Тузла туманидаги верфда Туркиянинг илк фрегати "Истанбул"нинг биринчи секциясини пайвандлаш маросими бўлиб ўтди. Фрегат "Миллий кема" (MİLGEM) лойиҳаси доирасида лойиҳаланган.

Маросимда Туркия мудофаа вазири Фикри Ишик ва ҳарбий-денгиз кучлари қўмондони адмирал Булент Бўстонўғлу иштирок этган.

Ишикнинг айтишича, турк томонининг лойиҳани амалга оширишдаги иштироки 65 фоизни ташкил қилади. Кемаларни қуриш ва жиҳозлашда 50 дан кўпроқ маҳаллий ташкилот ва компания иштирок этмоқда. 

Мудофаа вазири, шунингдек, Туркия қуролли кучларининг ҳарбий кемаларга барча эҳтиёжи маҳаллий верфлар ҳисобига қаноатлантирилишини айтди.  

"Ҳарбий кемалар қурилиши Тузла туманидаги 7 та хусусий верф ҳамда Туркия мудофаа вазирлиги ҳисобидаги верфларда давом этмоқда. Кемаларнинг қурилишига 5,5 млрд доллар ажратилган", деб таъкидлаб ўтди Ишик.

Унинг айтишича, фрегатлар, патруль катерлари, ёрдамчи кемалар ва тезюрар катерларнинг қурилиши лойиҳасини амалга ошириш учун 12 млрд доллар ажратиш режалаштирилган.

"Кемаларни жиҳозлаш уларни қуришдан қимматроқ тушади. Шунинг учун Туркия маҳаллий жанговар тизимларни ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчи ва бу йўналишда катта тараққиётга эришмоқчи", деб таъкидлаб ўтди Ишик.

Top