23:03 / 20.01.2017
44323

АҚШ президенти инаугурация маросимларидан лавҳалар: маст вице-президент ва ёддан чиққан қасамёд

Фото: AFP 

Америка етакчиларининг лавозимига киришиш маросимлари ҳар доим ҳам силлиқ ўтган дейиш нотўғри бўлади. Кимдир тантанали қасамёд матнларини унутган, бошқаси маст ҳолда иштирок этган, яна бири бу тантанадаги инжиқлиги сабаб ҳаётдан кўз юмган. РИА Новости Қўшма Штатлардаги инаугурация жараёнларидан лавҳаларни тақдим этади. 

"Менга Худо ёрдам берсин!"

Бу сўзлар, ҳар қандай америкалик, мадҳиянинг илк сўзлари каби ўрганиб қолган жумлалардир. Буни АҚШнинг ҳар бир президенти айтади. Ушбу анъанани Франклин Рузвельтдан бошлаб барчаси давом эттирмоқда. Аслида эса, унинг муаллифи Американинг биринчи президенти Жорж Вашингтондир. Унга бу борада иккита рекорд хосдир. Биринчидан, у Сайловчилар ҳайъатининг 100 фоиз овозини тўплаган. Иккинчидан, қайта сайлангач, қасамёд қабул қилишга бир дақиқадан бироз кўпроқ вақт сарфлаган. 

АҚШ президенти Жорж Вашингтон қасамёди, 1789 йил
Фото: AP

Инаугурациядан қочиш

АҚШнинг учинчи президенти Томас Жефферсон инаугурация жараёнига хоҳлаган кишиларни киритишга рухсат бериш анъанасини бошлаб берган давлат раҳбари ҳисобланади. Бу одат еттинчи президент Эндрю Жексон учун эса бало бўлган. Гап шундаки, тарихга "Оломон қироли" номи билан кирган Жексоннинг тантанали қасамёд қабул қилишига 20 мингдан ортиқ инсон келган. Натижада, Жексон ўзи билан кўришмоқчи бўлган одамлар тўдасидан қочишга мажбур бўлган. Оломон эса, Оқ уйга бир неча минг долларлик талофат етказган.

Эндрю Жексон қасамёди, 1865 йил
Фото: Library of Congress 

Ўлимга олиб келган маросим

Ҳа, АҚШ тарихида, Америка етакчисининг инжиқлиги, фожиали оқибат билан тугаган воқеа ҳам бор. АҚШнинг 9-президенти Уильям Ҳенри Ҳаррисон маросим вақтида пальто, шляпа ва қўлқопларни кийишни кескин рад этган ва совуқ ҳавода, бунинг устига ёмғир остида икки соатга яқин нутқ сўзлаган. У соябон тутишларига ҳам рози бўлмаган. Орадан 3 ҳафта ўтгач, ўпкаси шамоллаган Уильям 1841 йил 4 апрелда ҳаёт билан видолашган. 

Уильям Ҳенри Ҳаррисон инаугурацияси, 1841 йил
Фото: AP

Маст қасамёд

1865 йили Эндрю Жонсон АҚШнинг 16-президенти Авраам Линкольн томонидан вице-президент лавозимига илгари сурилган эди. Жонсон маросимда нутқ сўзлаши керак эди. У ҳаяжонини босиб олиш учун икки қадаҳ маст қилувчи ичимлик ичишга қарор қилган, аммо кейин, нафсини тия олмаган ва маросимга ўлгудай маст ҳолда чиққан. Линкольннинг талаби билан Жонсон маросимни тарк этишга мажбур бўлган. 

Авраам Линкольн инаугурация маросими, 1861 йил
Фото: AP

Тутилган президент

1953 йилги инаугурация парадида ковбой Монти Монтана президент Дуайт Эйзенхауэрни тутишга муваффақ бўлган. Албатта, бу хавфсизлик хизмати розилиги билан, парадга "ковбойлик туси"ни бериш мақсадида амалга оширилган. Аслида, режага кўра, Эйзенхауэр ва вице-президент Никсон ковбойлик шляпаларини кийишлари лозим эди, аммо кейинроқ, арқон билан трюк ижро этишга қарор қилишган. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, ковбой ирғитган арқон Эйзенхауэр бўйнига келиб тушган. 

Дуайт Эйзенхауэр инаугурация балида, 1957 йил
Фото: AP

Президентлик бошга тушган қор каби 

Американинг 36-президенти Линдон Жонсон қасамёдини Вашингтонда эмас, балки ҳавода, Биринчи рақамли бортда қабул қилган. Бу 1963 йил 22 ноябрда бўлиб ўтган. 35-президент Жон Кеннеди ўлдирилганидан сўнг, Жонсон шошилинч равишда президентлик лавозимига киришишга мажбур бўлган. 

Жаклин Кеннеди Линдон Жонсоннинг қасамёдига гувоҳ бўлмоқда
Фото: AP

Хотира чатоқ бўлса ҳам ёмон

Гарчи инглиз тилидаги қасамёд матни 35та сўздан иборат бўлса-да, айрим президентлар унинг матнини унутиб қўйишган. Хусусан, АҚШнинг 44-президенти бўлган ва истеъфога чиқаётган Барак Обама "Мен, Барак Ҳусайн Обама, тантанали қасамёд қиламанки, Қўшма Штатлар президенти ваколатларини виждонан бажараман ва кучим борича Қўшма Штатлар Конституциясини қўллаб-қувватлайман, ҳимоя қиламан ҳамда муҳофаза қиламан". Шунга қарамай, у "қасамёд қиламанки" деган сўзлардан кейин бир неча сонияга тўхтаб қолади ва сўнгра яна давом этган. 

Барак Обаманинг биринчи инаугурацияси, 2009 йил, 20 январь
Фото: AFP 

Намойишлар

АҚШнинг 37-президенти Ричард Никсоннинг 1969 йилдаги қасамёд маросими ўзига хос хавотирли бўлиб ўтган. Ўшанда, Вьетнамдан Америка ҳарбийларини олиб чиқишни талаб қилувчи Mobe ҳаракати президент кортежига таомлар, шиша идишлар ва тутун шашкаларини отишган. 1973 йилда эса, унинг иккинчи инаугурациясида юз мингга яқин киши Никсоннинг иккинчи марта сайлангани сабабли норозилик намойишлари ўтказган. 

Барак Обаманинг биринчи инаугурацияси, 2009 йил, 20 январь
Фото: AP 

 

Top