10:58 / 20.01.2017
18304

АҚШда ИШИДни қўллаб-қувватлаш айби билан марказий осиёликлар ҳибсга олинди

Қозоғистон фуқароси Ахрор Саидахметов ИШИД террорчилик гуруҳига кўмак кўрсатиш мақсадида тил бириктиришда ўзини айбдор деб тан олди. Бу ҳақда АҚШ адлия вазирлиги матбуот баёнотида маълум қилинди.

21 ёшли Саидахметов Нью-Йоркда яшаган. У тергов билан ҳамкорлик қилишига қарамасдан, 15 йилга қамалиши мумкин.

АҚШ прокурори Роберт Кейперснинг айтишича, айбланувчи Сурияга бориб, у ерда ИШИД сафида жанг қилмоқчи ёки АҚШда теракт уюштирмоқчи бўлган. 

Айблов хулосасига кўра, Саидахметов ва унинг ўзбекистонлик шериги Абдурасул Жўрабоев биргаликда Сурияга боришмоқчи бўлишган, агар бу режа амалга ошмаса, унда автомат сотиб олиб, полициячиларни отиб ташлашмоқчи бўлганлар. Айбланувчи 2015 йилда Нью-Йоркдаги Кеннеди номидаги аэропортда ушланган. У бу ердан Туркияга учиб кетмоқчи бўлган. Унинг шериги Жўрабоев ҳам ўша куни қўлга олинган. Унинг ёнида ҳам Туркияга чипта бўлган. Ушбу иш бўйича Ўзбекистоннинг яна бир фуқароси Аброр Хабибов ҳам ўтмоқда, у террорчиларга пул йиғишга уринишда айбланмоқда.

Top