07:49 / 20.01.2017
6603

Гамбиянинг янги президенти ўз лавозимини бажаришга киришди

Фото: AFP

Гамбиянинг янги президенти этиб сайланган Адам Барроу расман ўз лавозимини бажаришга киришди, деб хабар бермоқда "Франс Пресс" ахборот агентлиги.  

Ахборот агентлиги маълумотларига кўра, Барроунинг инаугурацияси Гамбиянинг Сенегал пойтахти Дакардаги элчихонасида бўлиб ўтди. Таъкидланишича, маросим вақтида Гамбия устидан Нигерия ҳарбий-ҳаво кучларининг разведка самолётлари парвоз қилиб юрган. 

Гамбиянинг амалдаги президенти Яҳё Жамме декабрда ўтган сайловларда ютқазгач, ўз лавозимини тарк этишни истамаган. Аввалроқ агар Жамме ҳокимиятни топширишдан бош тортса, Сенегал ва Нигерия қўшинлари Гамбияга киришга тайёрликлари маълум қилинганди. 

Шунга кўра, Сенегал қўшинлари сайловларда ғолиб бўлган Барроуга ҳокимиятнинг топширилишини таъминлаш мақсадида Гамбия ҳудудига бостириб кирди. 

Жамме ҳокимиятни 19 январда топшириши кераклигига қарамасдан, Гамбия миллий ассамблеяси 18 январда унинг президентлик ваколатларини узайтириб берган. Шундан кейин Сенегал Гамбия чегарасига қўшинларини юбораётгани ҳақида хабар пайдо бўлган.

Top