10:46 / 20.01.2017
4197

Хитой компанияси ходимлари соғлиғини таъминлашнинг ихтиёрий мажбурий усулини топди

Хитойнинг Чунцин шаҳридаги номи ошкор қилинмаган технологик компанияси ўз ходимларига кунига камида 10 минг қадам ташлаш мажбуриятини юклади, деб ёзади South China Morning Post нашри. Газета лойиҳа ишчиларидан бирининг маълумотига асосланган ҳолда шу ҳақда ёзмоқда. Компания раҳбарияти буни ходимларнинг саломатлиги борасида қайғуриш деб баҳолаган. 

Компанияда ишлайдиган Ху исмли 30 ёшли ходимнинг айтишича, ишнинг биринчи кунида WeChat мессенжерида қадам ҳисоблагични ёқишни ва барча ишчилар ўз фаоллигини намойиш қиладиган гуруҳга қўшилишни талаб қилишган. 

Хунинг эътирофига кўра, илк дамларда у бундай талабдан ҳайратда қолган. Чунки, бу унинг ишдаги мажбуриятига кирмайди, деб ўйлаган. 

«Бошида мен жуда чарчадим, аммо кейинчалик, менинг жисмим шундай тайёргарликка муҳтожлигини сездим. Ҳозирда, ҳамкасбларим ҳам компьютер ўйинлари ўрнига сайрга чиқишади», — деб қўшимча қилган Ху. 

Дастур талабини бажармаганлар эса 50-100 маротаба қўлларига таянган ҳолда, тирсакларини букиб ёзишлари керак бўлади. Спорт билан фаол шуғулланадиган ходимлар, аксинча, бу каби мажбуриятлардан озод этилади. 

Компания вакиласининг сўзларига кўра, ташкилот шу йўл билан ходимларининг саломатлиги ҳақида қайғуради. Унинг айтишича, ҳозирча, ҳеч кимга иккинчи талаб жорий қилинмаган. 

10 минг қадам тахминан 8 кмга тенг келади. Илк маротаба бу меъёр япониялик ихтирочи Есиро Хатанонинг 1960 йиллардаги электрон қадам ҳисоблагичида пайдо бўлган эди. Бироқ, кунига айнан шунча қадам ташлаш инсон соғлиғига фойда беришининг илмий тасдиғи йўқ. 

Top