09:01 / 20.01.2017
4173

Машҳур «Твин Пикс» сериалида ФҚБ агенти ролини ижро этган актёр саратон туфайли вафот этди

Фото: AP

Америкалик таниқли актёр Мигель Феррер 62 ёшида ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда ABC бугун хабар берди.

Телеканал маълумотларига кўра, у Лос-Анжелес шаҳридаги ўз уйида 19 январь куни вафот этган.

Феррер «C.S.I. Жиноят жойи», «Денгиз полицияси: Лос-Анжелес» каби бир қатор машҳур сериалларда ўйнаган роллари сабаб танилган. Унинг энг машҳур роли эса режиссёр Дэвид Линчнинг «Твин Пикс» кўп серияли фильмидаги ФҚБ агенти Альберт Розенфельд образи бўлган. Фильмнинг янги мавсуми премьераси 21 май кунига белгиланган.

Мигель Феррер Санта-Моника шаҳри (Калифорния штати, АҚШ)да 1955 йилнинг 7 февраль куни туғилган. У асли келиб чиқиши Пуэрто-Рикодан бўлган оилада беш фарзанднинг каттаси бўлган. Отаси - актёр Хосе Феррер «Оскар» киномукофоти соҳибига айланган. Шунингдек, Мигель Феррер америкалик машҳур киноартист Жорж Клунининг қариндоши саналарди.

Top