13:39 / 21.01.2017
30865

Денис Истомин Австралия очиқ чемпионати 1/8 финалига йўлланма олди

Австралияда давом этаётган «Улкан тож» туркумига кирувчи Australian open мусобақасини ўзбекистонлик Денис Истомин муваффақиятли ўтказишда давом этмоқда.

Бугун Денис турнирнинг 3-раундида мусобақанинг 30-тартиб рақами остида сараланган испаниялик Пабло Каррено-Бустога қарши кортга чиқиб, беш сетда рақибини мағлубиятга учратди: 6/4, 4/6, 6/4, 4/6, 6/2.

Учрашув 3 соат 30 дақиқа давом этди. 30 ёшли Денис Истомин баҳс давомида 16 марта «эйс»ни амалга оширган бўлса, 2 марта қўшхатога йўл қўйди, 51 марта узоқ давом этган очколарни ютиб олди, 53 марта зарурати бўлмаган хатоларни қайд этди ва 5 марта рақиб геймини ютиб олишга (брейк) муваффақ бўлди. Каррено-Бусто 3та брейк, 2та «эйс»ни амалга ошириб, 62та зарурати бўлмаган хатоларга йўл қўйди.

Энди Дениснинг кейинги босқичдаги рақиби Григор Димитров (15-ракетка) ва Ришар Гаске (18-ракетка) ўйинида аниқланади.

Top