23:03 / 23.01.2017
5384

ЮНЕСКО вакили: "Ҳаракатлар стратегиясининг оммавий дебатлар учун очиқлиги - муҳим жиҳат"

23 январь куни Тошкент шаҳрида "2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг беш йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси" лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамасига доир медиаҳафталик бошланди. Унда давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, эксперт ва журналистлар, жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этишди.

ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Криста Пиккат ушбу медиаҳафта ҳақида фикр билдирар экан, шундай деди:

"Сўз эркинлиги ва маълумотлардан эркин фойдаланишни таъминлаш мандатчиси бўлган ЮНЕСКО вакили сифатида ўйлайманки, бу байрамона кун. Барчамиз Президент ва Ўзбекистон ҳукумати томонидан илгари сурилган Ҳаракатлар стратегиясини кўрдик. БМТ вакили сифатида эса айтишим мумкинки, кўпгина жиҳатлар БМТнинг янги белгиланган барқарор ривожланиш мақсадларига ҳамоҳангдир. Биз буни кўришдан жуда хурсандмиз, албатта. Ҳаракатлар стратегиясининг оммавий дебатлар учун очиқлиги яна бир муҳим жиҳат ҳисобланади. Ўйлайманки, фуқаролик жамияти, хусусий сектор ва бутун жамиятдаги ҳамкорлар ўз овозига эга бўлиши, шунингдек шахсий ғоялар киритиш ва бунда масъулиятни ҳис қилиш  учун имкон бериш муҳим. Сўнгги, лекин муҳим омиллардан бири - мазкур майдоннинг Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари ҳамда электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси ташаббуси билан ташкил этилганлигида. Ўйлашимча, бу ҳам жуда муҳим жиҳат. ОАВ устувор йўналишлар моҳиятини мамлакатдаги ҳар бир кишига етказишга тайёрлигини кўрганимдан хурсандман. Ташкилотчиларга ўз табрикларимни йўллайман".

Top