23:12 / 25.01.2017
10842

Kazinform: Актёр Ди Каприо Остонага ташриф буюриши кутилмоқда

Голливуд актёри, "Оскар" мукофоти совриндори ва БМТнинг иқлим муаммоси бўйича элчиси Леонардо Ди Каприо Қозоғистон пойтахти Остонага йўлбарслар популяциясини тиклаш бўйича Қозоғистон ва Бутунжаҳон ёввойи табиат жамғармаси (WWF) ўртасидаги келишувни имзолагани келади.

Бу ҳақда Kazinform ахборот агентлиги "Яшил иқтисодиёт ва G-Global ривожланиши коалицияси" раиси Салтанат Рахимбековага иқтибос келтирган ҳолда хабар бермоқда.

Рахимбекованинг айтишича, бир неча йил аввал Бутунжаҳон ёввойи табиат жамғармаси Или-Балхаш вилоятидаги экотизимнинг тикланиши масалаларини кўриб чиқиш ҳамда йўлбарслар популяциясини яратиш ташаббуси билан чиққанди. Бироқ ўшанда бу масала бўйича аниқ натижага эришилмаган. 

"Биз жамғарма билан ҳукуматимиз ва жамғарма ўртасида лойиҳа учун 1-босқичда 10 млн евро жалб қилиш бўйича келишувни тайёрламоқдамиз", деб айтган Рахимбекова. Тахмин қилинишича, келишув Остонадаги "Экспо-2017" халқаро кўргазмаси доирасида 8-9 сентябрда имзоланади.

Рахимбекованинг айтишича, жамғармадан делегацияга Нидерландия маликаси Лаурентин бошчилик қилади. "Тадбирда БМТнинг иқлим ўзгариши ва WWF’нинг йўлбарс дастури элчиси Леонардо Ди Каприо ҳам бўлади", деб айтган Рахимбекова.

Или дарёси дельтаси ва Балхаш кўлининг жанубий соҳиллари ўз вақтида бу ерда турон ёки яна бошқача айтилганда, каспий йўлбарсининг кенг тарқалгани билан машҳур бўлган. Йиллар давомида инсон фаолияти ва браконьерлик оқибатида бу йўлбарс тури буткул йўқолиб кетган.

Мутахассислар анчадан бери турон йўлбарсини унинг тарихий маконида тиклаш дастурини муҳокама қилишмоқда. Бунинг учун давлат табиат қўриқхонаси яратиш режалаштирилмоқда.

Top