09:33 / 26.01.2017
5438

Сеул шаҳри ҳокими Жанубий Корея президенти сайловларида иштирок этишдан бош тортди

Фото: Korea Verband

Сеул шаҳри мэри Пак Вон Сун 2017 йилги Корея Республикаси президенти сайловларида иштирок этишдан бош тортди. Бу ҳақда у томонидан матбуот учун тарқатилган баёнотда айтилади.

"Мен ўз номзодимни қайтариб олаётганимга қарамай, "Тобуро" демократик партияси аъзоси сифатида ислоҳотларни қўллаб-қувватлашда давом этаман", - дея таъкидлаб ўтди у. Пак Вон Сун "бор эътиборини Сеул шаҳрини ривожлантиришга қаратиб, уни дунёдаги энг яхши шаҳарга айлантиришга" ваъда берган.

Ҳоким шунингдек президентлик пойгасидан чиқиши туфайли ўз тарафдорларидан узр сўради.

Маҳаллий сиёсатшунослар фикрича, бу қадам Пак Вон Сун рейтингининг тушиб бораётгани билан боғлиқ. Сўнгги ижтимоий тадқиқотларга кўра, уни аҳолининг атиги 3,4 фоизи қўллаб-қувватлаган – бу эса бошқа номзодларга қараганда анча паст дегани. Хусусан, "Тобуро" демократик партияси собиқ раҳбари Мун Чжэ Инни респондентларнинг 29,1 фоизи қўллаб-қувватлаган бўлса, Соннам шаҳри ҳокими Ли Чжэ Мёнга 10,2 фоиз иштирокчи ўз овозини бериши ҳақида маълум қилган.

Маълумот учун, Жанубий Корея парламенти ўтган йилнинг декабрида президент Пак Кин Хенинг импичментига овоз берганди. Бу ҳолат Конституция суди томонидан маъқуллангач, мамлакатда янги давлат раҳбарининг муддатдан аввалги сайловлари ўтказилиши лозим.

Top