12:18 / 27.01.2017
8168

Олимлар инсон терисини босувчи 3D-принтер яратишди

Испаниялик олимлар инсон териси билан бир хил бўлган терини босувчи биопринтер яратишди, деб хабар бермоқда Science News Journal нашри.

Карлос III Мадрид университети, Энергетика, атроф муҳит ва технологиялар соҳасидаги тадқиқотлар маркази ҳамда Мадрид университети Грегорио Мараньон шифохонаси олимлари гуруҳи биологик материаллар қўллаб босувчи 3D-принтер яратишди. Тадқиқотларнинг кўрсатишича, олинган тери тўлиқ функционалдир ҳамда уни тиббиёт ва трансплантологияда, маиший кимё ва пардоз-андоз маҳсулотларини синовдан ўтказишда ишлатиш мумкин. 

Тери "биосиёҳ"лар ёрдамида яратилади. Олимлардан бири Хуан Франсиско дел Каньисонинг айтишича, тери қатламма-қатлам, инсоннинг ҳақиқий териси қурилишини такрорлаган ҳолда босилади.

"Босилган" тери инсонники каби эпидермис ва дермадан ташкил топади, биологик фаол ва унга эластиклик берувчи коллаген ишлаб чиқаради. Олимларнинг таъкидлашича, агар босиш учун бирор одамнинг биоматериали қўлланса, унда қисқа вақт ичида  трансплантация (мисол учун, куйишда) учун яроқли терини яратиш мумкин.

Ишланмани яратишда иштирок этган BioDan Group фирмаси ушбу принтерни савдога чиқармоқчи. Компанияда таъкидланишича, терини босиш технологиясининг асосий афзалликлари қуйидагилардан иборат: тери тез босилади ва ишлаб чиқаришни автоматлаштириш имконияти мавжуд.

Top