16:51 / 28.01.2017
113768

"Катта хизмат учун катта сумма" сўраган СамДУнинг айрим ўқитувчилари қамалди

Юртимизда ёшларнинг билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши учун барча зарур шарт-шароитлар яратилган. Айниқса, олий ўқув юртларига ўқишга кириш ва замон талаблари даражасида билим олиш учун яратилган имкониятлар ҳар қандай кишини қувонтиради. 

Шу боис лицей ва коллежларни тугатган ёшларнинг аксарияти ўқишни давом эттириш мақсадида олий ўқув юртларига ҳужжат топширади. Ота-оналар эса фарзандининг нуфузли олийгоҳларда таълим олишини хоҳлайди. Афсуски, уларнинг бу хоҳишларидан айрим кимсалар ўз манфаати йўлида фойдаланиб қолишни кўзлайди. 

“Зарафшон” нашрининг ёзишича, Самарқанд давлат университети ўқитувчилари Умиджон Абдураҳмонов ва Орифжон Маматқуловлар шундайлардан бўлиб чиқди.

Бир қараганда бу икки домла олий маълумотли, обрўли кишилар. Умиджон Абдураҳмонов – катта ўқитувчи, О.Маматқулов – доцент. Қолаверса, О.Маматқулов абитуриентлар ҳақида маълумотларни Давлат тест марказига киритиш, тест қайдномалари, ҳужжатлари ва материалларни тайёрлаб берувчи компьютерчилар гуруҳининг аъзоси. Унинг айнан шу лавозимда ишлаши қўлини совуқ сувга урмай, мўмай даромад топиш учун ўзига хос йўл очди.

Бундай имкониятдан фойдаланиб қолиш учун У.Абдураҳмонов билан хуфиёна режа тузди ва ҳар қандай йўл билан бўлса-да, фарзандини ўқишга киритишни истовчилар хоҳишини катта манфаатдорлик эвазига қондиришга киришишди. Шу мақсадда ўтган йилнинг июль ойида У.Абдураҳмонов ва режани амалга оширишга кўмакка келган университет талабаси Элбек Эргашев фарзандини ўқишга киритиб қўйиш шарти билан икки кишидан 16000 АҚШ доллари талаб қилади.

"Катта хизмат учун катта сумма" сўраган кимсаларнинг тамагирлигини англаган ота-оналар бу ҳақда вилоят ҳуқуқ-тартибот идораларига хабар беришади. Натижада О.Маматқулов, У.Абдураҳмонов ва Э.Эргашев бир фуқародан 6 минг, иккинчисидан 9,9 минг АҚШ доллари олаётган пайтда жиноят фош этилди…

Мазкур фирибгарлик ва тамагирлик иши жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судида кўриб чиқилди. Оқибатда улар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан турли муддатларга озодликдан маҳрум этилдилар.

Top