16:04 / 04.02.2017
7200

Конте-Венгер тўқнашуви ва АПЛ 24-турининг бошқа учрашувлари анонси

4 февраль, шанба куни Англия премьер-лигасининг 24-тур учрашувларига старт берилади. Tribuna.Uz Европанинг энг кучли чемпионатларидан бири анонси билан таништириб ўтди.

ЧЕЛСИ — АРСЕНАЛ (4 февраль, Тошкент вақти билан – 17:30, Трансляция: UzReport, Матч! Футбол 1)

Бўлажак Лондон дербиси барча мусобақаларни қўшиб ҳисоблаганда 189-марта икки жамоанинг ўзаро тўқнашувига айланади. Ҳозирча бу ўйинларда «Арсенал» устунликка эга 73 ғалаба, 54 дуранг, 61 марта «Челси» ғалабаси.

Англия премьер-лигаси ташкил этилганидан буён эса бу икки жамоа ўзаро 50-юбилей учрашуви бўлади. Ҳозиргача ўтказилган 49 учрашувнинг 16тасида «Челси» ғалаба қозонган бўлса, 19 марта «Арсенал»нинг қўли баланд келган, 14 учрашувда ғолиб аниқланмаган. «Челси» «Арсенал»га қарши ўз уйида ўтказган 4та учрашувнинг барчасида ғалаба қозонган. Жорий мавсумнинг биринчи даврасидаги учрашувда эса ҳали Конте жамоаси бугунги даҳшатли формасига кириб олмаганди ва бундан «Арсенал» унумли фойдаланиб, 3:0 ҳисобида ғалаба қозонган. Бу икки жамоанинг премьер-лига доирасидаги сўнгги 10та учрашувидаги «Арсенал»нинг ягона ғалабаси саналади.

Конте жамоасида айтарли ҳеч қандай йўқотишлар йўқ. Жамоа сўнгги учрашувларда майдонга деярли ўзгаришсиз тушаётган таркибидан тўлиқ фойдаланиши кутилмоқда. Аммо «канонирлар» ҳақида бундай деб бўлмайди. Ўтган ҳафтада Аарон Ремзи камида бир ойга сафдан чиққани маълум бўлди. Гранит Чака дисквалификация муддатини ўташда давом этади. Муҳаммад эн-Нени эса жамоа билан Африка кубоги финалига йўлланма олди ва курашни давом эттирмоқда. Санти Касорла эса анчадан буён майдонга туша олмаяпти. Лондонликлар ҳеч бўлмаса, Окслейд-Чемберлен ва Жирунинг майдонга тушишидан умид қилишмоқда. Бугунги фитнес-тест натижаларидан кейин уларнинг майдонга тушиш-тушмаслиги аниқ бўлади.

ВЕСТ БРОМВИЧ — СТОК СИТИ (20:00)

«Хоторнс»да турнир жадвалининг юқори ўринлари учун курашадиган жамоа шаклланди. Ўз вақтида яхшироқ футбл кўрсатиш мақсадида «Сток» Тони Пьюлис хизматидан воз кечганди, аммо ҳозирда уэльслик мутахассис «Вест Бромвич» билан қандай самарали футбол кўрсата олиши мумкинлигини кўрсатиб бермоқда. Премьер-лига доирасидаги икки жамоанинг сўнгги тўртта учрашувида «ВБА» рақибларини уч марта мағлуб этган ва бир маротаба дуранг ўйнаган.

Кетма-кет тўртта учрашувдан буён «Вест Бромвич» ҳимоячиси Жонни Эванс оёғидан олган жароҳати сабаб ўйинларини ўтказиб юбормоқда. Марк Уилсон эса янги жамоасида дебют қилишга тайёр бўлиб турибди. «Сток» таркибида Жефф Кэмерон ва Жонатан Уолтерсдан ташқари, катта эҳтимол билан Глен Жонсон ва Жердан Шақирининг ҳам майдонга тушиши сўроқ остида қолмоқда. Аммо учрашувнинг энг аҳамиятли томони, «Вест Бромвич» собиқ футболчиси Сэйдо Бераҳино янги жамоаси сафида олдинги жамоасига қарши учрашувда дебют қилиши мумкин бўлади.

УОТФОРД — БЁРНЛИ (20:00)

Сўнгги вақтларда «Уотфорд» осмонида қора булутлар учиб юргандек таассуротлар пайдо бўлганди. Аммо, Англия Кубогида қуйи лига вакили «Миллуолл»дан учралган мағлубиятга қарамай, жамоа премьер-лиганинг ўтган турида «Арсенал»га қарши учрашувда, меҳмонда ғалаба қозониб қаҳрамонлик кўрсатганди. Энди Вальтер Маццарри шогирдлари ушбу муваффақият йўлини ушлаб қолиши керак бўлади. Рақиб меҳмонда ўта ёмон ўйин кўрсатадиган «Бёрнли» бўлиб, жамоа ҳозиргача сафар учрашувларида бор-йўғи бир очко жамғарган ва тўрттагина гол киритган. Бироқ, икки жамоанинг премьер-лигадаги сўнгги 9 учрашувида «Бёрнли» бир марта унда ҳам 2012 йилда мағлубиятга учраган.

Дисквалификациядан кейин «Уотфорд» сафида Хосе Холебас сафга қайтади. Мауро Сарате янги клубида дебют қилишга тайёр. Кристиан Кабаселе ва Нордин Амрабат жароҳат олган. «Бернли» сафида Робби Брэйди ва Эшли Вествуд дебют қилиши мумкин. Стивен Дефур эса жароҳати сабаб майдонга туша олмайди.

САУТҲЕМПТОН — ВЕСТ ҲЭМ (20:00)

«Саутҳемптон» 33 ёшли ҳимоячиси Жозе Фонтени «Вест Ҳэм»га сотиб юборгач, бошқа муаммога дуч келди. Етакчи ҳимоячи Виргил Ван Дейкнинг жароҳати муҳим ўйинлар олдидан жамоани қийин аҳволда қолдирди. Премьер-лига доирасидаги сўнгги етти учрашувда «Саутҳемптон»га меҳмон бўлганида «болғаура

рлар» бирорта ҳам ғалабани қўлга киритишмаган. Бугун жамоа шу анъанага барҳам беришга ҳаракат қилиб кўради.

Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек «Саутҳемптон» етакчиси Виргил Ван Дейк уч ойгача майдонга қайта олмайди. Аммо Жеймс Уорд-Проуз ва Жей Родригеслар тўлиқ тикланиб бўлишган. Маноло Габбьядини жамоада дебют қилишга тайёр бўлиб турибди. «Вест Ҳэм» ҳамон Африка кубогида иштирокини давом эттираётган Андре Айю хизматидан фойдалана олмаяпти, аммо Шейх Куяте жамоа қароргоҳига қайтиб келишга улгурган. Фақатгина Сэм Байрамнинг сонидан олган кичик жароҳати унинг ўйинда иштирок этишини сўроқ остида қолдирмоқда.

ҲАЛЛ СИТИ — ЛИВЕРПУЛЬ (20:00, Матч! Футбол 1)

«Манчестер Юнайтед» уйида қаҳрамонлик кўрсатган «Ҳалл» турнир жадвалида сўнгги поғонадан кўтарилишга муваффақ бўлди. Энди жамоа олдида яна бир мураккаб учрашув кутиб турибди. «Ливерпуль» сўнгги ойда фантастик тарзда омадсиз даврни ўтказди. Аутсайдерлар билан очко бўлишиб олинди. Аммо «қизиллар» «Ҳалл» билан биринчи учрашувда ўта ишончли ўйин кўрсатишган ва 5:1 ҳисобида ғалаб қозонганди.

Қишки трансферлар вақтида «Ҳалл» ўз сафини Альфред Н'Диайе ва Камил Гросицки билан тўлдирди. Дьюмерси Мбокани Африка Кубогидан қайтиб келди. Аммо Лазар Маркович ижара шартномасига мувофиқ бу учрашувда майдонга туша олмайди. «Ливерпуль» бош мураббийи Юрген Клопп эса ниҳоят ихтиёридаги барча футболчи хизматидан фойдаланиши мумкин. 2 январдан буён Садьо Мане илк марта майдонга тушиши кутилмоқда.

ЭВЕРТОН — БОРНМУТ (20:00)

«Эвертон» 19 декабрдан буён мағлубиятга учрамаяпти. «Борнмут» эса аксинча ўзининг муваффақиятсиз даврини ўтказмоқда, жамоа АПЛнинг сўнгги 7 учрашувида жамоа фақатгина битта ғалаба қозонган. Сентябрда икки жамоанинг биринчи даврадаги тўқнашувида «Борнмут» ўз тарихида биринчи марта, еттинчи уринишда ливерпулликларни мағлуб этишни уддалаганди. Ўшанда Жуниор Станисласнинг ягона дарвозага берган тўғри зарбаси Хоу жамоасига уч очко келтирганди.

«Эвертон» яримҳимоячиси Идрисса Гуйе Африка Кубогидан қайтиб келди. Муҳаммад Бешич ва Янник Болази эса жамоа лазаретида қолмоқда. «Борнмут» ҳужумчиси Каллум Уилсон бу мавсумда бошқа майдонга туша олмаслиги аниқ бўлди. Шунингдек Чарли Дэниэлс ҳам жароҳат олган.

КРИСТАЛ ПЭЛАС — САНДЕРЛЕНД 20:00

Сэм Эллардайс жорий мавсумни «Сандерленд»ни чемпионатга тайёрлаш билан бошлаб,  кейин Англия терма жамоасида битта учрашув ўтказиб, «Кристал Пэлас»да пайдо бўлди. Ҳозирча «Сандерленд» жуда ёмон ўйин кўрсатмоқда. Ўтган турда жамоа «Тоттенҳэм»дан очко тортиб олишга муваффақ бўлган эсада, сўнгги ўриндан чиқиб кетишни уддалай олмади. Аммо жамоаларнинг «Селҳёрст Парк»даги сўнгги икки ўйинида меҳмонлар, яъни «Сандерленд» вакиллари ғалаба қозониб қайтишган.

Мамаду Сако янги жамоасида дебют қилишини кутиш қийин, сабаби узоқ муддатлик танаффусдан кейин, жисмоний ҳолатини тиклаш билан банд. Шунингдек Лука Миливоевич ҳам майдонга тушишга тайёр эмас, Жефф Шлупп ва Бакари Сако жароҳат олган. «Сандерленд» «Эвертон»дан сотиб олган Брайан Овьедо ва Даррон Гибсонни майдонга тушириши кутилмоқда. Папи Жилободжи дисквалификация муддатини ўтаб бўлган.

ТОТТЕНҲЭМ — МИДЛСБРО 22:30 (Матч! Футбол 1)

Сешанба куни «Тоттенҳэм» «Сандерленд» уйида очко йўқотиб (0:0) энди яна ўзига келиб олиши керак бўлади. Тўғри, «шпорлар»га бу учрашувда қийин бўлиши тайин — меҳмондаги учрашувларда «Челси» ва «Тоттенҳэм»гина «Мидлсбро»дан камроқ гол ўтказган. Мемҳондаги учрашувларда Айтор Каранка яхши ҳимоявий жамоани майдонга олиб чиқмоқда. Аммо барча мусобақаларни қўшиб айтганда «Уайт Ҳарт Лэйн»даги сўнгги 8 учрашувда «Мидлсбро» бирор марта ҳам ғалаба қозона олмаган, беш марта мағлубиятга учраган.

«Тоттенҳэм» ҳимоячилари Данни Роуз ва Ян Вертонген жароҳат олиб сафдан чиққан. Шунингдек, Киран Триппьер ва Жорж-Кевин Нкуду ҳам бу учрашувни ўтказиб юборади. «Мидлсбро» ҳамон Жорж Френд ва Гастон Рамирессиз ўйнашига тўғри келмоқда. Калум Чемберснинг ўйнаши сўроқ остида. Адлен Гедиура янги жамоасида дебют қилишга тайёр.

МАНЧЕСТЕР СИТИ – СУОНСИ (5 февраль, 18:30, UzReport, Матч! Футбол 1)

«Манчестер Сити» сўнгги ўйинларда бир текисда, барқарор футбол кўрсатишни уддалай олмаяпти. Жамоа кубокни ҳам қўш

иб ҳисоблаганда сўнгги икки учрашувда йирик ҳисобда ғалаба қозониб, барқарор футбол кўрсатишни бошлагандек кўринмоқда. Бунинг учун якшанба кунги учрашувда ҳам жамоа буни исботлаши керак бўлади.

«Суонси» янги бош мураббий бошчилигида АПЛнинг сўнгги тўрт учрашувнинг учтасида, кетма-кет икки учрашувида ғалаба қозонди. «Ливерпуль» уйидаги қаҳрамонлик алоҳида эътирофга лойиқ. Аммо Гвардиола жамоаси жорий мавсумда ўз уйида фақатгина бир маротаба мағлубиятга учраган. «Суонси» Манчестерга етти марта меҳмон бўлган бўлса, уларнинг барчасида мағлубиятга учраган. Умуман бу икки жамоа ўртасидаги ўйинларда «Суонси» сўнгги марта 2012 йилнинг мартида ғалаба қозонган.

«Манчестер Сити» таркибида барча асосий футболчилар майдонга тушиши мумкин бўлади. «Суонси»да ҳам ҳозирча муаммолар кўзга ташланмаяпти.

ЛЕСТЕР – МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД (5 февраль, 21:00, UzReport, Матч! Футбол 1)

АПЛ икки ҳозирча омадсиз жамоалари учрашуви олдидан «Лестер»  сўнгги тўртта учрашувдан буён ғалаба нималигини билмай келмоқда. Натижада Раньери жамоаси АЛ турнир жадвалида 16 ўринга тушиб қолди ва хавфли зонадан бор-йўғи 2 очко олдинда бормоқда. Сўнгги учта мағлубиятда «тулкилар» умумий ҳисобда 0:7 натижасини қайд этишди

«Манчестер Юнайтед» ҳам ҳозирча муваффақиятсиз даврни ўтказмоқда. Премьер-лига доирасидаги сўнгги учта учрашувдан буён жамоа ғалаба қозона олгани йўқ. Мана бир неча ойдирки жамоа 6-ўриндан қимирлай олмай келмоқда. Икки жамоанинг ўзаро ўйинларида «Юнайтед» сўнгги марта меҳмонда 2003 йилда ғалаба қозонган. «Лестер»нинг ўз уйидаги сўнгги ғалабасига тез орада уч йил тўлади.

Top