18:56 / 07.02.2017
39795

Ўзбекистон халқ артисти Толиб Каримов 77 ёшга кирди

Ўзбекистон Халқ артисти Толиб Каримов бугун, 7 февраль куни 77 ёшини нишонламоқда.

Устоз санъаткор 1940 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. У 1961 йилда А.Н.Островский номидаги Тошкент театр ва рассомлик санъати институтининг актёрлик факультетини тугатгач, 1961—63 йилларда институт йўлланмаси билан Қўқондаги Ҳамза номли театрда актёр сифатида ижодий фаолиятини бошлайди. 

Толиб Каримов 1963 йилда Ҳамза номидаги Ўзбек давлат (ҳозирги Ўзбек Миллий) академик драма театрига ишга ўтиб, то шу кунгача ушбу театрда фаолият кўрсатиб келмокда. Шу даврда у ғарб драматурглари, рус ва бошқа қардош халқлар, шунингдек, ўзбек драматургларининг асарлари асосида саҳналаштирилган қирқдан ортиқ спектаклларда асосий ролларни ўйнади. 

Толиб Каримов ижодини телевидениесиз тасаввур қилиб бўлмайди. У Ўзбекистон телевидениесида тайёрланган ўттиздан ортиқ телепостановкаларда, шунингдек, "Оталар сўзи — ақлнинг кўзи" телекўрсатувларида ҳам кўплаб асосий ролларни ижро этди. 

Толиб Каримовга 1987 йилда "Ўзбекистон халқ артисти" фахрий унвони берилди. "Қутлуғ қон" спектаклида Тантибойвачча ролини ижро этгани учун у 1989 йилда Давлат мукофотига сазовор бўлди. Актёр 1997 йилда "Меҳнат шуҳрати" ордени билан тақдирланди.

Kun.uz таҳририяти Ўзбекистон халқ артисти Толиб Каримовни таваллуд куни билан табриклайди. Устоз санъаткорга узоқ умр, мустаҳкам соғлиқ тилаб қолади.

Top