18:44 / 08.02.2017
10247

Фақат Tesla эмас: қайси стартаплар ўз электромобилларини ишлаб чиқармоқда

Маълумки, сўнгги вақтларда нефть захираси каби энергия манбалари камайиб бораётгани хусусидаги хабарлар дунё автомобилсозлик соҳасида умуман янги йўналишни ривожлантиришга туртки берди. Эндиликда, электрокарлар ишлаб чиқариш билан кўплаб стартаплар шуғулланмоқда, улар ўз маҳсулотларини оммавий равишда ишлаб чиқишни режалаштиришган. Шунга кўра, улар Tesla билан рақобат қилишга шайланишмоқда, дейиш мумкин. Қуйида аккумуляторларда ҳаракатланувчи машиналар бозорида янги номларни пайдо қилувчи стартаплар маҳсулотини ҳавола қиламиз. 

Faraday Future

Faraday Future — Американинг яна бир электрокарлар ишлаб чиқарувчиси бўлиб, ОАВ унга «Tesla қотили» номини беришди. 2014 йилдан фаолиятини бошлаган компания 2016 йилги CES кўргазмасида ўзининг илк автомобили — FFZERO1 концептини намойиш қилди. Унинг қуввати минг от кучига тенг эди. 

Бироқ, кенг жамоатчилик қатор камчиликлари туфайли уни салбий баҳолади. 2017 йил январь ойида Лас-Вегасда бўлиб ўтган CES кўргазмасида компания ўзининг биринчи серияли электрокари — FF91 прототипини намойиш этди. Унинг тақдимотига стартап обрўсини тиклаш имконияти сифатида қаралди.
 
Аммо, бу сафар ҳам электрокар ўз тақдимотини деярли шармандали тарзда якунлади. Машина тақдимот чоғида ҳайдовчи буйруқларини бажармади, мустақил равишда тураргоҳга жойлана олмади. Кейинчалик, лойиҳа вакиллари буни кўргазмалар залининг ҳаддан ортиқ ёритилгани билан изоҳлашди. 

Компания автомобилларни 2018 йилдан етказиб беришни режалаштирган. FF91 қўшимча қувватлашсиз 700 кмгача бўлган масофани ортда қолдира олади. Шу билан бирга, у соатига 100 км тезликка 2,39 сонияда эришади. Машина муқобил бошқарув ва юзни таниш тизими билан жиҳозланган. Бундан ташқари, FF91 жами 1050 от кучини ташкил этувчи 4та электр моторга эга. Автомобиль батареяси 4,5 соатда 50 фоизга қувватланади.

Rimac

Хорватиянинг Rimac Automobili компаниясига хорватиялик муҳандис Матэ Римак асос солган. Ўшанда у атиги 22 ёш эди. Компания юз минглаб АҚШ доллари турадиган пойга электрокарларини ишлаб чиқаради. 

Компаниянинг Concept One номли электрокарининг илк концепти 2011 йилда Франкфурт автосалонида намойиш этилди. GT Spirit автомобиль нашрининг ёзишича, машинанинг ён чизиқлари Ford GT40 классик автомобилини, олд кўриниши — Ferrari машинасини ёдга солган. Уни ортидан илмий-оммабоп фильмлардан келган автомашинага ўхшатиш мумкин эди. 

Автомобиль тормозни ишга туширганда электр энергияси ишлаб чиқарар, ён ойналари камераларга алмаштирилган эди. Орқани кўриш ойнаси умуман олиб ташланиши ҳам янгиликдир. Ҳавони совутиш тизими, ўлчаш асбоб-ускуналари ва мультимедиа Rimac Automobili томонидан янгидан ишлаб чиқилди. 

Ишлаб чиқариш қувватининг 90 фоизи Хорватиянинг Загреб яқинидаги заводида жойлашган. Электромобилнинг айрим қисмларигина хориждан келтирилди. 2016 йил мартида бўлиб ўтган Женева автошоусида Rimac Automobili ўзининг янги электрокари Concept S моделини намойиш этди. Буни аслида дизайни бирмунча ўзгартирилган Concept One суперкарининг янги авлоди эди, дейиш мумкин. 

Concept S 2,5 сонияда соатига 100 км тезликка чиқа олади. 5,6 сонияда 200 км, 13,1 сонияда соатига 300 км тезликка эришади. Унинг энг юқори тезлиги соатига 365 кмни ташкил этади. Бунга автомобиль ўқи билан мустақил равишда бириктирилган икки сиқувчига эга узатмалар қутиси имкон беради. 

2013 йил мартида Ҳонгконгнинг Sinocop Resources металлургия компанияси Rimac Automobili акцияларининг 10 фоизини 5 млн евро нақд пул ва 2 млн акцияси эвазига харид қилди. «Энди бизда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва синовларни ўтказиш учун маблағ бор», — деган эди Матэ Римак. Унинг режаларида — ходимлар сонини ошириш ва Concept One электрокарини дастлаб йилига юз дона, кейинчалик  мингтагача ишлаб чиқаришни ташкил этиш бор. 

LeEco

Хитойнинг смартфонлар ишлаб чиқарувчи компаниясининг LeEco бренди остидаги LeSee электромобили биринчи марта 2016 йил апрелида намойиш этилди. Компаниянинг фикрича, у нафақат Tesla электрокарлари билан рақобат қилади, балки LeEco маҳсулотлари билан уйғунлашуви сабабли уларни ортда ҳам қолдиради.

Албатта, LeEco электромобилларини ишлаб чиқаришда Faraday Future компанияси қувватларидан фойдаланишни режалаштирган. Иккала компания умумий сармоядор, хитойлик миллиардер Цзя Юэтин воситасида ўзаро чамбарчас боғлиқ. 

LeEco матбуот хизматига кўра, 2016 йил августида компания LeSee электромобилларини Хитойда йиғишни бошлаган. 2016 йил сентябрида LeEco вакиллари электрокарларни етказиб беришни 2018 йилдан бошлашини маълум қилишди. 

Lucid Motors

Электрокарлар бозорининг яна бир янги иштирокчиси бу — Калифорния стартапи Lucid Motors компаниясидир. 2016 йил декабрь ойида жамоа ОАВ вакилларига ўзининг биринчи электромобили Air прототипини намойиш қилди. У ҳам Tesla моделларига рақобатчи бўлиши керак.

Tesla каби Lucid Motors Air юқори тоифадаги седанлар туркумига киради. Автомобиль бир марта қувватлангач, 650 кмгача масофани ортда қолдира олади, соатига 100 км тезликка 2,5 сонияда эришади. 

Лойиҳа вакилларининг қайд этишларича, электромобиль, шунингдек, BMW ва Mercedes седанлари билан ҳам рақобат қилишга лойиқдир. Lucid Motors Air нархи энг тўлиқ жиҳозланганда 100 минг доллардан қиммат туради.

Tesla, Mazda ва VW (Фольксваген), BMW компанияларида ишлаган мутахассислар томонидан асос солинган Lucid Motors 2017 йилда Аризонада ўз электрокарларини оммавий равишда ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни режалаштирган. Лойиҳа шу мақсадда 130 млн доллар миқдорида инвестицияни ўзлаштиришга ҳам муваффақ бўлди. 

Nikola Motor

2016 йил декабрь ойи бошларида Американинг Nikola Motor компанияси водород-электрдвигателда ҳаракатланувчи Nikola One юк машинасини намойиш қилди. У юкларни 2 минг километргача бўлган узоқ масофаларга етказиб бериш учун мўлжалланган. 

Аккумулятор батареясининг бир марталик қувватланиши ҳамда водород баки ёқилғи билан тўлдирилгач, ҳаракатланиш тартиби ва юкланишга боғлиқ равишда у 1,3 минг километрдан 1,9 минг километргача масофани ортда қолдира олади. 

Двигатель қуввати 1000 от кучига тенг бўлиб, соатига 105 км тезликкача ҳаракатлана олади. Nikola Motor ҳисоб-китобларига кўра, юк машинаси соатига 100 км тезликка юк билан 30 сонияда эришади. Машинанинг ўз вазни тўпламига кўра, 8,2-9,5 тонна атрофида бўлади.

Nikola Motor янги юк машиналарини 2020 йилдан ишлаб чиқариш ниятида. У, шунингдек, ўзининг хусусий водород қуйиш тармоқларини ривожлантирмоқчи. 

Fisker

Умуман, электромобиль концептларини тақдим этиш борасида 2016 йил ўзига хос рекорд қайд этди. Аввал ҳам Ҳолливуд юлдузлари орасида муқобил автомобиллари билан машҳур бўлиб кетган Fisker компанияси электрокарининг янги концептини намойиш этди. 

Эшиклари тепага очиладиган автомобиль графенли аккумулятор билан жиҳозланади. Улар анча самарали ва литий-ионли батареяларга қараганда арзонроқ туради. Бироқ, ҳозирча, бу турдаги батареяларни саноат даражасида ишлаб чиқиш йўлга қўйилмаган.

Top