10:11 / 08.02.2017
7970

Халқ ишончини оқлаш ҳар биримизнинг зиммамизга улкан масъулият юклайди

Фото: ЎзА

2017 йил мамлакатимизда Президентимиз ташаббуси билан “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилинди. Мазкур йилнинг мақсадини белгилашда давлат органларининг фуқаролар билан ўзаро муносабатлари юзасидан ёндашув тубдан қайта кўриб чиқилиши, бу борада аҳоли билан доимий мулоқот қилиш, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишнинг янги механизмлари ва самарали усулларини жорий этиш лозимлигига эътибор қаратилди.

Давлатимиз раҳбари томонидан бу борада илгари сурилган ғояда қатор янгиликлар алоҳида ажралиб турибди. Хусусан, 2017 йилдан бошлаб барча даражадаги ҳокимлар, прокуратура ва ички ишлар органлари раҳбарларининг аҳоли олдида ҳисобот бериш тизими жорий этилди, ҳар бир туман ва шаҳарда Халқ қабулхоналари фаолияти йўлга қўйилди. Шунингдек, одамларнинг дардини эшитиш, улар билан очиқ мулоқотда бўлиш, оғирини енгил қилиш мақсадида фуқароларга кундалик ва энг зарур бўлган давлат хизматларини “ягона дарча” принципи бўйича бир идора орқали кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш ишлари олиб борилмоқда. Айниқса, ҳар бир ҳудуддаги вазиятни, аввало, Фармон ва қарорлар ижросини, уларнинг самарадорлигини доимий равишда ўрганиб, бу борада давлат органлари масъулиятини ошириш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқадиган тизимни шакллантириш борасидаги қадамлар аҳолининг давлат ва жамиятга бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Бошқача айтганда, гап фуқаролар турли масалалар юзасидан энг кўп мурожаат қиладиган давлат идоралари фаолиятида одамлар билан ишлаш бўйича сифат жиҳатидан мутлақо янги тизимни яратиш устида кетмоқда. Яна ҳам аниқроғи, амалга оширилиши кўзда тутилаётган ўзгаришлардан кутилаётган натижа бу жамиятда адолат тамойилининг устуворлигига эришишдир. Шу маънода, бундан буён бажаришимиз лозим бўлган барча ишимиз “Адолат — қонун устуворлигида” тамойилига мувофиқлаштирилади.

Шу ўринда 2017 йилга берилган номдаги икки сўзни таҳлил этишни мақсадга мувофиқ, деб биламиз. “Мулоқот” сўзига мутахассислар турлича таърифлар келтиришган. Назаримизда, қуйидаги таърифда муайян даражада мантиқ бор: мулоқот, бу — жамият аъзоларининг ўзаро биргаликдаги фаолиятлари эҳтиёжларидан келиб чиқадиган, турли фаолликлари мобайнида бир-бирлари билан бўладиган муносабатларга киришиш жараёнидир. Яъни ҳар қандай мулоқот эҳтиёж туфайли юзага келади. Бундай мулоқот нафақат одамлар ўртасида, айни пайтда, кишилар ва давлат, кишилар ва жамият, кишилар ва турли ташкилотлар, партиялар, ҳаракатлар ўртасида ҳам юз беради.

Хўш, унда “манфаат” сўзи нимани англатади? Манфаатлар ўз табиатига кўра шахс, гуруҳ, жамият манфаатларига бўлинса, қайси эҳтиёжларни қондириш билан боғлиқлигини ҳисобга олишга қараб, моддий ва маънавий манфаатларга бўлинади.

Умуман, манфаат шахс ёки ижтимоий гуруҳ фаолиятини, ҳулқи-атворини белгилайдиган муҳим омил сифатида фуқароларни доимо ҳаракатга ундайди. Айниқса, жамият манфаати мутлақо ижобий тавсифга эга. Масалан, Ўзбекистон жамиятини битта манфаат бирлаштиради. Бу юрт манфаатидир.

Сўнгги тўрт-беш ой мобайнида давлатимиз раҳбари томонидан амалга оширилган ишлар мулоқотдаги очиқлик, тўғрилик ҳамда манфаатлар уйғунлигининг яққол ифодаси бўлди. Бу борада Халқ қабулхоналарининг ташкил этилиши хайрли ва  жуда ибратли ташаббусдир. Бундай қабулхоналарни фуқароларнинг мақсад ва манфаатларини рўёбга чиқарадиган куч сифатида одамлар ҳаётидаги муаммолардан доимо хабардор бўлиши лозимлиги айни муддао бўлмоқда. Бу эса раҳбарларга бўлган талабларни ўн, юз чандон оширадиган механизмдир.

Халқ қабулхоналари бугунги раҳбардан мавжуд вазиятдан, муаммолардан хабардор бўлишни, мулоқот маданиятига амал қилишни, давлатнинг ички ва ташқи сиёсатини чуқур тушуниш, уни онгли равишда англашни, фуқаролар манфаатини ҳимоя қилишни ўзининг устувор вазифаси сифатида тан олишни, ўз соҳаси бўйича замонавий билим ва кўникмаларига эга бўлишни, бугунги кун талабларига жавоб берадиган раҳбарлик сифатларини қунт билан эгаллашни, қисқаси, одамларнинг оғирини енгил қиладиган фазилатларни талаб этади.

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили фалсафасида, юқорида қайд этилгани каби, давлат ва халқ манфаатлари уйғунлиги алоҳида ўринга эга. Мустабид тузум даврида давлат манфаатлари ҳар доим халқ манфаатларидан устун қўйилган. Мустақиллик йилларида эса бу масалада ҳам адолат тантана қилди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 2-моддасида шундай дейилади: “Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар”.

Ана шу қоида Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилининг ўзаги ҳисобланади. Ушбу қоида бугунги кунда янада аниқроқ ва ойдинроқ тарзда намоён бўлмоқда. “Халқ, — дейди Президентимиз Шавкат Мирзиёев, — давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак ва бу ҳақиқатни аввало барча бўғинлардаги раҳбарлар яхши тушуниб олиши зарур”.

Халқимизда “Ҳар бир одам пок ниятли бўлиши лозим”, деган сўзни кўп учратамиз. Ҳақиқатан ҳам, амалларимизнинг натижаси кўп жиҳатдан ниятимизга боғлиқ. Яхши ният билан, одамларнинг оғирини енгил қилишга астойдил бел боғлаган ҳар қандай инсон таҳсинга лойиқ. Шу маънода, Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили барча фуқарода, турли даражадаги раҳбарларда ниятнинг соф ва тозалигини таъминлайдиган, барчамизни шундай бўлишга ундайдиган йил бўлишига ишонамиз.

Айни пайтда, масаланинг яна бир муҳим ва нозик томони борлиги, бу фуқаролар ҳамда уларнинг ушбу жараёндаги фаолияти тўғрисида эканлигини унутмаслигимиз лозим. Дарҳақиқат, Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилининг объекти ҳам, предмети ҳам инсон, унинг манфаатлари ҳисобланади.

Барчамизга маълумки, 2016 йил 25 сентябрдан Бош вазирнинг Виртуал қабулхонаси ишга туширилди. Қисқа вақт ичида юз минглаб фуқароларимиз давлат билан мулоқотнинг мутлақо янги усулига гувоҳ бўлди. Шу нарсани алоҳида таъкидлаш лозимки, ушбу қабулхонага келиб тушаётган мурожаатларнинг талай қисми миннатдорлик мазмунидаги хатлардан иборат. Чиндан ҳам, одамларимиз мамлакатда, унинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маънавий-маърифий соҳаларда рўй бераётган янгиланишлар, ўзгаришлар, замон нафаси билан тўйинган, янги сифатлар билан бойиб бораётган ислоҳотлардан тўлиқ қониқиш ҳосил қилаётганликларини изҳор этмоқда. Халқ ва давлат ўртасидаги бундай мулоқот фуқароларнинг давлатга бўлган ишончини янада мустаҳкамламоқда. Шунингдек, айрим фуқароларимиздаги ижтимоий сустлик, теварак-атрофда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларни таҳлил этишдаги лоқайдлик кайфиятини бартараф этаётир.

Шу билан бирга, мазкур қабулхона фаолияти ҳали олдимизда кўплаб муаммолар мавжудлигини кўрсатиб берди. Жумладан, фуқароларимиз турли соҳалардаги маъмурий-буйруқбозлик тўсиқларини зудлик билан олиб ташлашни, мавжуд қонунчиликка зид айрим хатти-ҳаракатлар, афсуски, учраб турганини рўй-рост қайд этмоқдалар. Энг муҳими, мурожаатларнинг, талабларнинг аксарият катта қисми қонуний ва адолатли эканлиги кўриниб турибди. Давлат идора, -муассаса, вазирликлар, маҳаллий ҳокимликлар бундай камчилик, хатоларнинг олдини зудлик билан олишга ҳаракат қилмоқда. Булар, албатта, халқ томонидан ижобий баҳоланмоқда.

Айни вақтда, баъзан бундай мурожаатлар ичида мантиққа тўғри келмайдиган, “бир ёзиб кўрайчи” қабилида “мурожаат” этаётганлар ҳам учраб турганлиги айни ҳақиқат. Асоссиз, баъзан бачкана “мурожаат”лар давлат органлари, уларда меҳнат қилаётган кўплаб мутасадди ходимларни жиддий ишлардан чалғитаётганини ҳам эътиборга олиш фойдадан холи бўлмасди.

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили давлат органлари ҳамда фуқароларнинг бир-бири олдидаги бурч ва масъулиятларини яна бир бор эслатиб қўймоқда. Ушбу йил доирасида одамларимиз сиёсий маданияти, ижтимоий фаоллиги янада ошади, қишлоқ, шаҳарларимиздаги мавжуд муаммоларни зудлик билан бартараф этишга замин яратади. Энг муҳими, бундай мулоқотдан ҳам давлат, ҳам халқ манфаатдор бўлмоқда.

Абдухалил  МАВРУЛОВ,
тарих фанлари доктори, профессор.

Top