23:07 / 13.02.2017
21114

Қамашида сохта банкротлик фош этилди

СВОЖЖДЛҚК департаментининг Қамаши туман бўлими томонидан “Нур савдо” масъулияти чекланган жамиятининг банкротлиги қай даражада қонуний эканлиги ўрганилганда, мазкур жамият раҳбари Б.Бўтаев (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ва бошқаларнинг хуфиёна қилмишлари фош бўлди. Улар банкротлик баҳонасида қонунга зид ишларни яширишга уринишган экан, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Маълум бўлишича, “Нур савдо” МЧЖ раҳбари ва бошқаларга нисбатан 2013 йилда жиноят иши қўзғатилиб, суд ҳукми билан тегишли жазо тайинланади. Улар эса бундай тўғри хулоса чиқариш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар билан боғлиқ қарздорликни бартараф этиш ўрнига яна жиноятга қўл уришади.

Мазкур жамиятнинг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлардан қарздорлиги 1 миллиард 575 млн. 704 минг сўмни ташкил этган. Айни пайтда жамиятнинг республика товар хомашё биржасида 57 млн. 608 минг сўм пули бўлган. “Нур савдо” МЧЖ мутасаддилари ана шу маблағни қарздорликка йўналтириш ўрнига, 2014 йил 13 март куни жамиятнинг банкрот, деб эътироф этилишига ва давлат реестеридан чиқарилишига эришадилар. Шундай бўлса-да, мазкур МЧЖ номидан 2015 йилнинг ноябрь ойида 4019-брокерлик идораси билан сохта шартнома ва ҳужжатлар расмийлаштирилиб, С.Рашидов номига берилган қалбаки ишончнома билан “Қизилқумцемент” МЧЖдан 3000 дона – 57 млн. 608 минг сўмлик шифер олинади. Ушбу маҳсулот нақд пулга сотилиб, савдо пули назорат-касса машинасидан ўтказилмасдан, банк муассасасига ҳам топширилмасдан, шу тарзда нақдлаштирилганлиги аниқланди.

Мазкур ҳолат юзасидан Б.Бўтаевга нисбатан жиноят ишлари бўйича туман судининг ҳукми билан жазо муқаррарлиги таъминланди.

Top