14:57 / 13.02.2017
105765

«Севишганлар куни» - байрам билан ниқобланган разиллик

Авлиё Валентин куни. Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, у нима – дунёдаги барча севишганлар нишонлайдиган байрамми ёки разолат, фаҳш тантанаси куними?

Бир нарса аниқ, қадим замонлардан то ҳозирги кунга қадар ўзини чин маънода маданиятли деб ҳисоблайдиган инсонлар ва халқлар ушбу сохта байрамни нишонлашни мантиқсизлик, керак бўлса, иффат, ор-номус каби нозик туйғуларга нисбатан ҳурматсизлик, деб баҳолашади.

Аҳоли, айниқса, ёшлар орасида ичкиликбозлик, ахлоқий бузуқликни тарғиб қилиш, абортлар, гиёҳвандлик, ниқобланмаган ёвузлик – мана шулар «Севишганлар куни»нинг асл моҳиятини очиб берувчи хатарлардир. Маълумотларга қараганда, замонавий инсонга керак бўлган энг муҳим нарса «жинсий яқинлик эркинлиги» эканлиги онгларга сингдирилиши оқибатида сўнгги юз йил ичида гинекологларнинг кабинетларида абортлар натижасида урушлардагидан кўра кўпроқ жонлар қурбон бўлган. Бугунга келиб аборт қилинган чақалоқларнинг тўқималаридан тиббиётда, парфюмерия маҳсулотлари ишлаб чиқаришда ва озиқ-овқат саноатида фойдаланиш таклиф қилинмоқда.

«Севишганлар куни»да шу куни совға қилинадиган гуллар, табрик откриткалари, дил сўзлари акс этган оҳ-воҳли шеърлар ортида бугун ўзини жаҳон цивилизацияси ва демократия макони, деб атаётган Ғарбда ёмғирдан кейинги қўзиқориндек урчиб бораётган аёлларни камситиш, уларни таҳқирлаш, бир жинсли алоқаларнинг ва энг даҳшатлиси «оила»ларнинг тарғиботи, ёлғон, қандай йўллар билан бўлмасин пул топиш каби иллатлар яширин.

Балки сиз гапимизга ишонмаётгандирсиз. Унда келинг, тарихга назар ташлаймиз. Қадимда ҳар йили 15 февралда фаҳш ботқоғига ботгани боис аста-секин чириб, пойдеворига путур етиб бораётган Рим империясида тийиқсиз ишқий муносабатлар илоҳаси Жунна Фубриат шарафига фаҳш ва разолат асосига қурилган фестивал ўтказилган. Гуруҳ бўлиб ишқий муносабатга киришиш, бачавозлик, ҳатто ҳайвонлар билан яқинлик каби энг чиркин, ифлос одатларни тарғиб қилувчи фестивалда иштирок этишга ҳамма ошиқарди. Шу куни май ичиб маст бўлган эркаклар яланғоч ҳолда кўчага чиқиб, аёлларни ҳўкиз терисидан тўқилган қамчи билан савалаганлар.

Эрамизнинг 5-асри охирига келиб, Геласий I раҳбарлигидаги Рим черкови ушбу байрамни тақиқлашга ҳаракат қилиб кўради. Энг қизиғи, бу борада черков ғайриодатий йўл тутади, яъни байрамни 15 февралдан 14 февралга кўчириб, авлиё Валентинни ушбу байрамнинг илоҳий раҳнамоси деб эълон қилади.

Тарихчи олимлар орасида аслида Валентин исмли руҳоний яшаганми ёки йўқми, император Клавдий уни қатл этганми ёки йўқ, агар қатл этган бўлса, нима учун: ёшлар орасида диний тарғибот олиб боргани учунми, ёхуд императорнинг ўз аскарларига уйланишни тақиқлаб қўйганига қарамай, яширин равишда уларни никоҳлаб қўйиш билан шуғуллангани учунми, деган саволлар атрофида ягона фикр ва тўхтам мавжуд эмас.

Ўрта асрларда яратилган «Олтин афсона» номли китобга ишонадиган бўлсак, император билан учрашгандан кейин Валентин зиндонга ташланади. Айтишларича, шу ерда у зиндон бошлиғининг қизи Жулияни оғир дарддан халос этади. «Олтин афсона»нинг муаллифи Якоб Воротинский ўз асарларида тарихни бўрттириб, баъзан бузиб кўрсатишни, ҳатто ёлғон ишлатишни яхши кўрган. Аммо у ҳам ўз асарида Валентин ва Жулия ўртасида қисқа муддатли ишқий муносабатлар бўлганлиги ҳақида ёзишдан тийилади. Бу нарсани асарга кейинчалик уни қайта кўчирган хаттотлар қўшиб чатишган. Қизиқ, диний таълимотга кўра аёллар билан яқин муносабатда бўлиши тақиқланган руҳоний қандай қилиб, «Севишганлар куни» деб аталган сохта байрамнинг рамзига, илоҳий тимсолига айланиб қолди экан-а? Ушбу байрам ўзлари учун ҳар томонлама – ҳам иқтисодий, ҳам мафкуравий жиҳатдан фойдали бўлган кимса ва кучлар учун гўёки севишганлар тарафини олиб жоҳил императорга қарши бош кўтарган руҳоний тимсоли жуда керак ва улар ушбу нуқтаи назарни зўр бериб ҳимоя қилишади, турли воситалар билан тарғиб этишади.

Бундан бир неча асрлар аввал севги изҳорларини ошиқ ва маъшуқаларнинг ўзлари битишган. Полиграфия саноатининг ривожланиши туфайли минглаб, миллионлаб нусхада турли шакл ва кўринишдаги, ҳар хил изҳорлар битилган откриткалар чоп этила бошланди. Хусусан, 1847 йилда Эстер Хаулен исмли аёл инглизча намуналари асосида ана шундай откриткалар чоп этишни йўлга қўяди ва тез орада бойиб кетади. Бугунги ёшлар «валентинка» деб атайдиган откриткалар ўша пайтда Хауленлар оиласига йилига 100 минг доллар атрофида даромад келтирарди.

19-асрда АҚШда «валентинка»ларнинг оммалашуви ҳар қандай байрамнинг тижорат, пул топиш асосига қурилишига туртки берди.

Бугунга келиб, ҳар йили 14 февраль куни дунё бўйича 1 миллиард донадан ортиқ «валентинка» сотилади. Ана шу откриткаларнинг 85 фоизини ҳиссиётларга берилувчан аёллар ва ёшлар сотиб олишар экан.

Тарихга назар солсак, 14 февраль айнан «Севишганлар куни» сифатида ғарб мамлакатларида нисбатан кам қамровли тарзда бўлсада, 14 асрда нишонлана бошланган бўлса, 19-асрнинг ўрталаридан АҚШ ва Англияда Рождестводан кейинги йирик байрамга айланиб қолди. Ушбу разолат байрами худди ўлат мисол айнан манашу ҳудуддан дунёнинг барча қитъаларига тарқалди. 1969 йилда католик черкови Валентинни динга ва авлиёларга мутлақо алоқасиз деб топиб, бу кунни авлиё Кирилл ва Мефодийлар куни деб эълон қилди. Аммо энди кеч бўлганди…

Бу кунни қандай бўлмасин пул топиб бойиш асосий мақсадлари бўлган тужжорлар, жумладан, йирик қандолат ишлаб чиқарувчилар ўз маҳсулотлари, яъни шоколадлари савдосини юриштириш учун оммалаштирганлар деган фикр ҳам йўқ эмас.

Биз эса бу сафга откритка ишлаб чиқарувчиларни ҳам қўшган бўлардик. Исбот керакми, марҳамат. «Форбс» журналининг ёзишича, дунёнинг откритка чоп этувчи энг йирик компанияларидан бири «Холмарк» 2007 йилда, таъбир жоиз бўлса, инсоний туйғуларни откриткаларга жойлаб сотиш орқали 4 миллиард 400 миллион доллар ишлаб олган. Афсуски, ўтган йиллар давомида бу маблағ кўпайса кўпайганки, асло камаймагани аниқ.

Бизнинг буюк аллома боболаримиз дунё илм фани, маданияти, тиббиёти ривожида улкан бурилишларни бошлаб берган кашфиётлар билан банд бўлган даврда ҳали мудроқ уйқуда ётган ғарб бугун бизга қандай яшашни, қандай севишни ўргатмоқчи бўлаяпти. Айрим маънавий қашшоқ, лоқайд, бефарқ юртдошларимиз билиб билмай уларнинг тегирмонига сув қуйишмоқда. ЛОҚАЙДлик сўзининг маъноси қайд этмаслик, эътибор бермаслик, дахлдорликни ҳис этмасликдир. Бефарқлик эса «Менга нима» деб, ўзини четга олиш. Бу иллатлар миллий тараққиётимизга зарар етказади. Ташқи ғоявий таъсир ички маънавий лоқайдлик, заифлик бор жойда илдиз отади. Бефарқлик авомни тарбиялайди ва атрофга ҳам шу нуқтаи-назарда муносабатда бўлади. Бу иллатлар фаолликнинг кушандаси. Инсонда дидсизлик саёзлик билан чиқишадиган ҳолат. Ўзига юксак талаб қўя олмаслик, руҳан тушкунлик ва ҳафсаласизлик, маънавий қашшоқлик, лоқайдлик ва бефарқлик жамиятнинг пойдеворига зарар етказувчи хатарларнинг, «Севишганлар куни»га ўхшаган разолат байрамларининг илдиз отишига замин ҳозирлайди.

Шу боис, огоҳ бўлинг, азиз юртдошлар!
Дармон Ибрагимов

Top