14:04 / 13.02.2017
12145

“Жигули”даги ҳўкиз ёхуд бир жиноий гуруҳ қилмиши

Ўтган йилнинг ёз ва куз ойлари Қашқадарё вилоятининг Қарши ва Касби туманларидаги айрим қишлоқларда яшовчи фуқаролар учун анча ташвишли келди. Гўё қишлоққа бўри оралагандек, гоҳ семизгина ҳўкиз, гоҳ сигир ва бузоқлар ғойиб бўла бошлади. Кимдир бу ҳақда ички ишлар органига хабар қилса, кимдир молим ўзи ечилиб далага чиқиб кетгандир деб уни ўзи қидиришга тушар, аммо барча ҳаракатлари зое кетарди, деб ёзади “Постда” газетаси.

Бировнинг мулкига кўз олайтираётган кимсаларни аниқлаб, қўлга олиш борасида тезкор-профилактик чора-тадбирлар белгиланди. Туман ички ишлар бўлимлари томонидан тажрибали жиноят қидирув хизмати ходимлари, профилактика инспекторлари ҳамда қишлоқ фаоллари жалб этилган ҳолда, ўғриликларнинг олдини олиш ва фош этиш бўйича тунги гуруҳлар ташкил этилди. Бу, албатта, кўп ўтмай ўз натижасини берди. Орадан кўп ўтмай, ушбу жиноятларни содир этган кимсалар аниқланиб, қўлга олинди.

...2016 йилнинг 15 октябрга ўтар кечаси тахминан соат 02:30ларда вилоятнинг Қарши туманидаги Поштон қишлоғи ҳудудида тунги гуруҳ таркибида хизматга жалб этилган ички ишлар органи ходимлари шубҳали ҳолатга дуч келишди.

Қишлоқ йўлидан чиққан оқ рангли “ВАЗ-21011” русумли автомашинага тўхташ ишораси берилди. Ҳайдовчи эса тўхташ ўрнига, тезликни ошириб, рулни катта йўл томон бурди. Аммо шошилганиданми ёки “Жигули”нинг эскилиги панд бердими, нима бўлди-ю, машина ўчди-қолди. 

Бу орада ходимлар етиб келишди. Етиб келишди-ю, автомашина салонига қараб, ҳангу манг бўлиб қолишди: у ерда ҳўкиз чўккалаб турарди...

Ходим машина ҳужжатларини текширганидан сўнг ҳўкиз кимники экани билан қизиқди. Йўловчи худди тош қотган ҳайкалдек безрайганча ходимга қараб турар, унинг арқон ушлаган қўли билинар-билинмас титрарди. Бу ходимларнинг шубҳасини янада оширди.

Ходим рация орқали навбатчилик қисмига воқеа ҳақида хабар берди. Олиб борилган тезкор суриштирув ишлари натижасида вилоятнинг Косон туманидан бўлган бири 50, иккинчиси 53 ёшдаги бу кимсалар Касби туманидаги Денов қишлоғида яшовчи бир фуқаронинг далада боғлоқлик турган ҳўкизини ўғирлаб кетаётганликлари маълум бўлди. Жиноят жойидан уларнинг қўл ва оёқ излари топилди. Қолаверса, жиноий гуруҳнинг яна бир нафар шериги бўлиб, учовлон кундузи қаровсиз қолдирилган чорва молларини кузатиб, тунда келиб уларни ўғирлаш билан шуғулланганлиги, муқаддам бир неча бор судланиб чиққан 53 ёшли Н. исмли шахс жиноий гуруҳ тузиб, раҳбарлик қилиб келгани ойдинлашди. “Кўр кўрни қоронғида топади” деганларидек, у муқаддам судланган А.ни ўзига шерик қилгани етмаганидек, ўғирлик жинояти содир этгани учун бир марта судланиб чиққан 32 ёшни қоралаган жиянини ҳам жиноят кўчасига бошлайди.

Бу жиноий гуруҳ аъзолари жорий йилнинг май, август, сентябрь, октябрь ойлари давомида Қарши ва Касби туманларининг турли қишлоқларидан жами тўққиз бош чорва молини ўғирлаб, сотиб юборганликлари ҳам аниқланди. 

Ўғирланган молларнинг айримлари жиноятчиларнинг уйларидан, айрим сотиб юборилганлари эса сотиб олган кишилардан олиб, ўз эгаларига топширилди. 

Top