19:04 / 14.02.2017
6645

Фоторепортаж: Бобур номидаги Ўш театрининг Ўзбекистонга гастроль сафари

Ўш  шаҳрида фаолият юритувчи Бобур номидаги ўзбек мусиқали академик  театри шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд топган кунлари водий вилоятларида гастроль сафарини уюштирмоқда. Дўстлик ришталарининг тикланиши айнан Бобур Мирзо таваллуди арафасига тўғри келганлигида ҳам рамзий маъно бор. Буюк салтанат асосчиси адабиёт ва санъат орқали халқларни бирлаштирган, эл-улус фаровонлиги йўлида улкан ишларни амалга оширган. Унинг ёрқин сиймоси бугунги кунда ҳам эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда.

- Ушбу ижодий сафар Ўзбекистон ҳукуматининг таклифига биноан амалга оширилди, - дейди Бобур номли ўзбек мусиқали академик драма театри директори Набижон Мамажонов. – Труппамизда турли миллатга мансуб 40 нафар актёр меҳнат қилади. Улар ижросидаги “Ботир Манас” спектаклини Андижон, Наманган ва Фарғона шаҳарларида намойиш этишни режалаштирганмиз. Сўнгги бор бундай ижодий дийдорлашув 2005 йилда ташкил этилган эди.

Андижон шаҳридаги қўғирчоқ театрида бадиий жамоа Жалил Содиқов асари асосида Набижон Сабр (Мамажонов) томонидан саҳналаштирилган “Айкол Манас” спектали намойиш этди.

Спектакль премьерасига ўқувчи-ёшлар, нуронийлар, қирғиз миллатига мансуб ватандошларимиз, кенг жамоатчилик вакиллари йиғилди. Театр санъати ихлосмандлари асарни катта қизиқиш билан томоша қилдилар. 

- Икки халқ ўртасидаги маданий алоқаларнинг мустаҳкамланиб бораётганидан жуда хурсандмиз, - дейди актёр Маҳмуд Раҳматов. – Андижонликлар бизни яхши кутиб олишди. Дўстлик ришталаримиз узилмасин. 

“Айкол Манас” драмасининг асосини “Манас” эпосининг афсонавий воқеалари – “Кокотлар базми” ва “Катта жанг” достонлари ташкил этади. Саҳна асари томошабинлар учун манзур бўлди. 

Спектакль намойишига ташриф буюрган Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов қирғизистонлик меҳмонларни қизғин қутлаб, уларнинг санъатига юқори баҳо берди.

Элмурод Эрматов, Kun.uz мухбири

Top