15:04 / 14.02.2017
20536

Репортаж: Бобур юрти Андижонда шоир таваллуди

Бугун эрта тонгдан Андижон шаҳридаги Бобур майдони шоҳ ва саркарда, беназир шоир, жаҳон маданияти ривожига муносиб ҳисса қўшган ҳамюртимизнинг 534 йиллик таваллуд кунини нишонлаш учун ташриф буюрганлар билан гавжум бўлди.

Вилоят ҳокимлиги вакиллари, меҳмонлар, зиёлилар ва талаба-ёшлар соҳиби девон ҳайкали пойига гулдасталар қўйишди. 

Тадбирда сўз олган вилоят ҳокими ўринбосари Манзурахон Юнусова, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Муҳаммад Али, Афғонистон Республикаси илмий-маданий маркази раиси, Бобуршунос олим Азизилло Арол, ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари шоира Хуршидабонулар Заҳириддин Муҳаммад Бобур қолдирган адабий-илмий мерос жаҳон адабиётининг нодир хазиналари сифатида асрлар давомида эъзозланиб келинаётгани ҳақида сўзладилар. Зулфия мукофоти соҳибаси, ёш шоира Саидабону Абдусаломова ҳамда талабалар шоир ижодидан намуналар ўқишди. 

Шоирнинг дилбар ғазаллари, пурмаъно рубоий ва маснавийлари, номини дунёга машҳур қилган “Бобурнома”си, мусиқа илмига доир дурдона асарлари унинг нақадар серқирра ижодкор эгаси эканлигидан дарак беради. Бадиий насрнинг бетакрор намунаси бўлган “Бобурнома” тарихий-мемуар асари жаҳоннинг 70 дан ортиқ мамлакатлари музейларидан жой олган. Бу шоҳ асарнинг 30дан ортиқ тилга таржима этилгани унинг нақадар катта аҳамиятга эга эканлигидан далолатдир. 

Тадбирлар доирасида “Боғи Бобур” мажмуасида илмий конференция ҳамда “Назм ва наво” кечаси бўлиб ўтди. 

Элмурод Эрматов, Kun.uz мухбири

Top