09:10 / 14.02.2017
4328

Покистоннинг Лаҳоридаги терактда қурбон бўлган ва жароҳатланганлар сони ортиб бормоқда

Фото: AFP 2017/ Arif Ali

Покистоннинг Лаҳор шаҳрида душанба куни кечқурун юз берган портлаш оқибатида камида 82 нафар инсон жароҳатланди, деб хабар қилмоқда “Франс Пресс” агентлиги расмий шахсларга асосан.

Аввалроқ 69 инсон жароҳатлангани ҳақида хабарлар тарқалганди. Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, ҳалок бўлганлар сони 13-16 нафар инсон атрофида бўлиши мумкин.

Портлаш Лаҳордаги Чэрринг Кросс майдонида – Панжоб штатининг қонунчилик йиғилиши биносидан унча узоқ бўлмаган ерда содир бўлди. Бу вақт майдонда дори воситаларининг айланишини назорат қилиш бўйича қонунчиликдаги ўзгаришларга қарши норозилик намойиши бўлиб ўтаётганди. Майдонда фармацевтика компаниялари, тиббиёт муассасалари ва дорихона тармоқларининг юзлаб ишчилари йиғилган, полиция эса тартибни сақлаб турганди.

Ҳалок бўлганлар орасида шаҳар полициясининг юқори мансабли вакиллари ҳам бор.

“Рейтер” агентлигининг хабар қилишича, “Толибон” радикал ҳаракатининг бўлинмаси – “Жамоат-ур-Аҳрор” портлаш учун масъулиятни ўз зиммасига олган.

Лаҳордаги теракт туфайли мамлакат пойтахти Исломобод шаҳрида хавфсизлик чоралари кучайтирилди.

Ҳодиса рўй берган жой хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ўраб олинган.

Top