16:00 / 15.02.2017
8429

Дмитрий Козак: Ўзбекистон Россиянинг МДҲдаги асосий стратегик ҳамкорларидан бири

Фото: Kun.uz

Маълумки, 15 февраль куни Россия Федерацияси бош вазир  ўринбосари Дмитрий Козак бошчилигидаги делегациянинг Ўзбекистон Республикасига ташрифи доирасида Тошкент шаҳрида икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 18-йиғилиши бўлиб ўтди. 

Унда РФ бош вазир ўринбосари Дмитрий Козак Ўзбекистон Россиянинг МДҲдаги асосий стратегик ҳамкорларидан бири эканини таъкидлади. Россия вакили Ўзбекистонда ўтказилаётган соҳалар диверсификацияси ва саноат модернизациясига йўналтирилган иқтисодий ислоҳотларни юқори баҳолади. Бундан ташқари, Ўзбекистонда яратилган қулай инвестиция муҳити ҳамда бизнесни муваффақиятли юритиш учун кенг имкониятлар очилгани алоҳида таъкидланди. 

Россия Федерацияси Ўзбекистон Республикасининг энг йирик ташқи савдо ҳамкори позициясини эгаллаб келмоқда. 

2016 йил якунларига кўра, икки мамлакат ўртасидаги товар алмашинуви 4,2 миллиард долларни ташкил қилди. 

Бугунги кунда Ўзбекистонда 961 та корхона фаолият юритмоқда, улардан 810 таси - қўшма корхона ва 151 таси Россия капитали асосида ташкил этилган. Ўз навбатида, Россия Федерациясида Ўзбекистон Республикаси резидентлари иштирокидаги 569 та корхона яратилган. 

Республикада Россия Федерациясининг 64 та фирма ва компаниялари ваколатхоналари аккредитациядан ўтган.

Top